Жаҳон | 09:47
1727
4 дақиқада ўқилади

Писториус: Трамп НАТО аскарлари ҳақидаги сўзлари учун кечирим сўраши керак

Германия мудофаа вазири Борис Писториус АҚШ президенти Доналд Трампга НАТОнинг Афғонистондаги миссияларида бошқа мамлакатлар вакиллари “фронт чизиғидан четда қолган” деган гаплари учун кечирим сўраши ўринли бўлишини билдирди.

Фото: AP / Lisi Niesner

Германия мудофаа вазири Борис Писториус АҚШ президенти Доналд Трампга Афғонистонда НАТО миссияларида қатнашган бошқа мамлакатлар жангчилари “фронт чизиғидан четда қолган” деган сўзлари учун ҳалок бўлган НАТО аскарларининг оилаларидан кечирим сўраши ўринли бўлар эди, деди. Немис сиёсатчиси бу баёнотни якшанба, 25 январ куни кечқурун ARD телеканалида олиб борувчи Карен Миосганинг ток-шоу дастурида билдирди.

Писториуснинг айтишича, Трампнинг бу гаплари “шунчаки одобсизлик ва ҳурматсизлик”. Вазир кечирим сўраш “ҳурмат ва оқилона ёндашув белгиси” бўлар эди, деб қайд этди. “Аммо биз ҳаммамиз АҚШ президенти қандай ҳаракат қилишини биламиз”, — дея қўшимча қилди у.

Писториус бу вазиятни Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет билан “у билан учрашган заҳоти” муҳокама қилишини билдирди. “Мен Америка миллатининг ютуқларига ва АҚШнинг 70 йил давомида биз учун иттифоқчи бўлиб келганига жуда катта ҳурмат билан қарайман. Лекин ҳурмат ўзаро бўлиши керак”, — деди немис сиёсатчиси.

Писториус Трампнинг баёнотларини 24 январ куни Bild газетасига берган интервюсида ҳам шарҳлаган. Унда у немис аскарлари Афғонистонда жами 19 йил бўлганини ва НАТО миссияси давомида Германия “катта нарх тўлаганини” айтган.

“59 нафар аскар ва уч нафар полициячи жангларда, ҳужумларда ёки бахтсиз ҳодисалар натижасида ҳалок бўлган. Кўплаб яраланган аскарлар ҳалигача олган жароҳатларидан — ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан азият чекмоқда. Худди шу нарса уларнинг оилаларига ҳам тегишли: улар бу оғриқни бутун умр кўтариб юради”, — деди Писториус.

Fox Business телеканалига 22 январ куни берган интервюсида Трамп, зарурат туғилса, НАТО иттифоқчилари АҚШга ёрдам бермаслиги мумкин, деган фикрни билдирди ва 2001–2021 йилларда Афғонистондаги миссияларда алянснинг бошқа мамлакатлари аскарлари иштирокини изоҳлади.

“Биз уларга ҳеч қачон муҳтож бўлмаганмиз. Биз ҳеч қачон улардан ҳеч нарса сўрамаганмиз. Улар Афғонистонга қандайдир қўшин жўнатганини айтади — бу рост. Лекин улар бироз ортда, фронт чизиғидан бироз четда турган”, — деди Трамп.

Бу гапларга жавобан Буюк Британия ҳукумат органлари Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси фақат бир марта — 2001 йил 11 сентябр террор ҳужумларидан кейин ишлатилганини эслатди. Ўшанда иттифоқчилар АҚШга ёрдамга келган. Афғонистонга қўшин киритилиши ҳам айнан шу ёрдам доирасида амалга оширилган.

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер Трампнинг баёнотларини “ҳақоратли ва ростдан ҳам қўрқинчли” деб атади ва улар афғон миссияси вақтида ҳалок бўлган ёки яраланганлар оилаларига оғриқ етказишини таъкидлади.

Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш эса поляк ветеранларини ҳурмат қилишга чақирди. Унинг айтишича, улар иттифоқчилик мажбуриятларига садоқатини исботлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид