E5 гуруҳига кирувчи беш давлат мудофаа вазирлари 26 октябрда Парижда учрашди. Якунда қабул қилинган қўшма баёнотда Европа ўз хавфсизлиги учун кўпроқ масъулиятни зиммасига олиши зарурлиги таъкидланган.

Ҳужжатга кўра, бу, аввало, НАТО доирасида европалик иттифоқчиларнинг ролини кенгайтиришдан бошланиши керак. Айни пайтда АҚШ E5 давлатлари учун ўрнини босиб бўлмайдиган иттифоқчи бўлиб қолиши қайд этилган.

Украина учун «қишки ёрдам пакетлари»

Германия мудофаа вазири Борис Писториус учрашувдан сўнг Украина учун «қишки ёрдам пакетлари» тайёрланганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, E5 давлатлари АҚШнинг Украинага таъминот, айниқса, разведка ва сунъий йўлдош маълумотлари билан кўмаклашишда давом этиши учун барча имкониятларни ишга солади.

Писториус беш давлат вакиллари Украина билан биргаликда Patriot комплекслари ва бошқа мавжуд тизимларга қўшимча равишда ишлайдиган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш устида ишлаётганини ҳам айтган.

НАТО бош котиби ўринбосари Радмила Шекеринская ҳамкорларни Киевга ёрдамни ҳозироқ кучайтиришга чақирган. У Россия ҳужумлари босими деярли ҳар кеча Украина шаҳарларида сезилаётганини таъкидлаган.

«Украинанинг мудофаа қобилияти умумий хавфсизлик учун муҳим»

Қўшма баёнотда Украинага кўмакни давом эттиришга содиқлик яна бир бор тасдиқланган. Вазирлар Украинанинг ҳозир ва келажакда ўзини ҳимоя қила олиши жамоавий Евроатлантика хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини билдирган.

E5 давлатлари Киевнинг ишончли хавфсизлик кафолатларига асосланган мустаҳкам тинчликка эришиш интилишини қўллаб-қувватлашини, бунинг учун сиёсий, ҳарбий ва молиявий ёрдам зарурлигини қайд этган.

Украинага қиш арафасида кўмак бериш масаласи 15–16 октябр кунлари Брюсселда ўтган Европа Иттифоқи саммитида ҳам асосий мавзулардан бири бўлган.

Ўшанда Германия канцлери Фридрих Мерц Украинага қишдан чиқиш ва кейинги йилга тайёрланишда ёрдам бериш учун молиявий кўмакни оширишга чақирган. Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Украинанинг 2026 йилги молиявий эҳтиёжлари қопланганини билдирган, Европа кенгаши раиси Антониу Кошта эса 2027 йил учун маблағ ажратиш бўйича аниқ таклиф кутаётганини айтган.