Ўзбекистон | 09:31 / 27.01.2026
6860
2 дақиқада ўқилади

Тоғларда қор кўп: яна қорбўронлари кузатиладими? 

Жорий ҳафта республикага Каспий денгизи усти ҳамда жанубидан циклонлар кириб келиши ва мамлакат ҳудудларига яхшигина ёғингарчиликлар улашиши кутилмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов яқин ўн кунликдаги об-ҳаво кутилмаларини Kun.uz'нинг жонли эфирида таништиради.

27 январдан республикага Каспий денгизи устидан ғарбий нам ҳаво оқимлари, ҳафта якунида (шанба-якшанба кунлари) Каспий денгизи жанубидан жанубий циклонлар кириб келиши ва ҳудудларга яхшигина ёғинлар улашиши мумкин.

Айни пайтда тоғларда қор кўп. Бу кўп йилликка нисбатан олинганда тоғ ҳавзаларида қор энг кўпи бўлиб тургани билан изоҳланади.

Чоршанба куни республиканинг марказий, жанубий ва Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларига бир сутка давомида 15-20 мм гача ёғингарчилик кузатилиши мумкин. Ёғинлар асосан ёмғир, охирги босқичларида қор кўринишида ёғиши, тоғ ва тоғ этакларида қор бўронлари кўринишида бўлиши кутилмоқда.

2026 йил феврал ойида Ўзбекистон ҳудудида ўртача ҳаво ҳарорати кўп йиллик  меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда. Шимолий ва тоғли ҳудудларда ҳарорат меъёрдан бироз паст, жанубий ва марказий ҳудудларда эса меъёрдан бироз юқори бўлиши ойдинлашмоқда. Ой давомида жанубий вилоятларда кўпроқ ёғинлар бўлиши тахмин қилинмоқда.

Жаҳон метеорологик ташкилоти 2026 йил феврал–апрел мавсумида Ўзбекистон ҳудудида ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёр атрофида ёки ундан бироз юқори бўлишини прогноз қилган. Баҳор ойларида барқарор иссиқ фони шаклланади. Ёғингарчилик асосан меъёр атрофида, тоғли ва жанубий ҳудудларда бироз кўпроқ бўлиши мумкин.

Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид