Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ойликка ишламаётган чиновниклар. Нега бундай бўляпти?
Охирги вақтларда Ўзбекистонда жуда кўп чиновниклар ишдан олинди, баъзилари қамалди, коррупцияда гумонланганлар ҳам бўлди. Майда-чуйда мулозимлар эмас, катта-катта одамлар, бутун бошли генераллар ишдан олинди. Бир муддат Эрон, Америка, Венесуэла сиёсати билан банд бўлган сиёсий ҳушёр фуқароларимиз ўзбекча исм-фамилияларни муҳокама қила бошлади...
Ўзаро суҳбатларимизда устозимиз Шуҳрат Шокиржонов «ука, бизга IKEA кириб келган куни чиндан ривожланган бўламиз», деб айтардилар. Мен эса қачонки вазирлар, катта-катта чиновниклар ҳисобчининг олдига кириб, «ойлик қачон тушади», деб сўрай бошласа, ўшанда тўғри йўлга тушган бўламиз, дердим. Ҳозир ҳам шу фикримда собитман.
Давлат хизматчилари чинакам ойликка ишлайдиган одамларга айланиши мамлакат ривожланиши учун муҳим омил. «Бунинг имкони йўқ», дейди кўпчилик, лекин имкони борлигини кўрдик: давлат ЙПХ ходимларининг маошини оширди, ҳар бир ёзилган жаримадан уларга бонус бера бошлади. Қарабсизки, тизимда коррупция деярли йўқолди. Кичик ҳолатлар учраётгандир, лекин бир неча йил олдинги билан солиштирганда, фарқ ер билан осмонча.
Ўзбекистон давлат хизматчиси фақат ойликка ишлайдиган одамга айланиши учун реал ҳаракатлар амалга оширишни бошлади. Чиновниклар ҳозир ҳавас қиларли маош олади, бошқа касб эгалари билан солиштирганда, албатта. Масалан, куни билан сиз-у бизнинг болаларимизга қараб, уларга билим берадиган боғча ишчилари билан қиладиган ишидан дараги йўқ, нима қиларини ўзи ҳам билмайдиган чиновникнинг маошини солиштирсангиз, фарқ жуда катта. Ваҳоланки, боғчадаги педагоглар мамлакатдаги аксар чиновниклардан фойдалироқ иш қилишади.
Давлат ўз хизматчилари маошини тизимли ошираётган бўлса ҳам порахўрликни енга олмаётгани бугунги кундаги энг жиддий муаммомиз. Бунинг сабаблари кўп: дунёқараш, чиновниклар фаровон ҳаётга ўрганиб қолгани, балки ҳақиқий коррупционерлар жазоланмаётгани. Нима бўлганда ҳам, давлат ҳал қилиши керак бўлган энг жиддий муаммо мана шу. Коррупция ҳақидаги хабарларни ўқиганда, ундаги мулозимларнинг лавозими ва қанақа катта пуллар ҳақида гап кетаётгани тўғриси қўрқинчли.
Бошида бирор беморнинг яқини тушлик пули деб берган арзимаган пулни олган ҳамширани ашаддий коррупциячидек кўрсатиб, табиийки, кулгига қолишди. Охирги йилларда ҳартугул йўналишни ўзгартириб, жуда катта мулозимлар порахўрлик айблови билан қўлга олинди.
Мана шу миллиардлаб пулларни ўзлаштиришда гумонланаётган мулозимлар оладиган маошларини миллионлаб ўзбекистонликлар орзу қилади. Лекин афсуски, давлат ҳар қанча ҳаракат қилмасин, ҳар қанча маошини оширмасин, бу чиновникларни ойликка ишлайдиган давлат хизматчиси қила олмаяпти. Улар барибир ҳисобчидан «ойлик қачон тушади?» деб сўрамаяпти.
Дунёқараш
Чиновниклар орасида коррупция ҳолатлари камаймаётганининг сабаблари кўп. Асосий сабабларни ҳаммамиз яхши биламиз. Биз эса келинг, тинчгина дунёқарашнинг бунга қандай таъсир қилаётгани ҳақида гаплаша қоламиз. Русчасига айтганда, «от греха подальше».
Бизда мансабдорларга нисбатан нотўғри қараш шаклланган. «Фалонча чиновник бўлибди», дейишса, о-о-о дейишади. Кўпчиликнинг кўз ўнгига энди ўша одам бойиб кетиши келади. Ваҳоланки, бизнинг қонунчилигимиз ҳам дунёдаги бошқа давлатлар қонунчилиги каби мансабдорларга тадбиркорлик билан шуғулланишни тақиқлайди.
Яъни давлат хизматчиси бой бўлиши аслида имконсиз, чунки унга тадбиркорлик қилиш, савдо қилиш, меҳмонхона очиш ва бошқа пул келадиган ишлар билан шуғулланиш мумкин эмас. Бу маънода чиновник бўлиш – бой бўлишдан воз кечиш, жўмардлик қилиш дегани аслида.
Айтайлик, бизнинг Самарқандда Регистонга яқин жойда бир меҳмонхона очсангиз, баҳордаги сайёҳлик мавсумида «пулнинг тагида қолиб кетасиз». Лекин бизда ҳеч ким «вау, фалончининг меҳмонхоначаси бор экан, мана бу бечора ойликка қараб қолган давлат хизматчиси экан», демайди. «О-о-о, фалончи чиновник экан», дейишади. Биз ана шу қарашдан воз кечолмас эканмиз, ниманидир ўзгартиришимиз қийин. Чунки чиновник ҳам шу халқнинг ичидан чиқади...
Мавзуга оид
09:42 / 29.01.2026
Хоразм ҳокимликларида ўрганиш: 60 га яқин ходимнинг тадбиркорлик фаолияти аниқланди
19:33 / 28.01.2026
Жанубий Кореянинг собиқ биринчи хоними коррупция туфайли қамоқ жазосига ҳукм қилинди
18:23 / 27.01.2026
“Ўзбекнефтгаз” ва Давактивда катта тафтиш кетмоқда
15:09 / 27.01.2026