Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
Сенат ахборот хизмати маълумотига кўра, 2025 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, давлат хизматларини рақамлаштириш, коррупциянинг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, республика бўйлаб соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, банк ва кадастр соҳаларида коррупция ҳамда бюрократияни келтириб чиқараётган сабаблар жойига чиққан ҳолда ўрганилган. Натижада коррупция хавфи юқори бўлган туман ва шаҳарлар учун манзилли “йўл хариталари” тасдиқланган.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат — комплаенс тузилмалари мустақил шаклда қайта ташкил этилган.
Шу билан бирга, миллий маърузада соҳада сақланиб қолаётган муаммолар ҳам қайд этилган. 2025 йилда коррупцияга оид жиноятлар бўйича 7517 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган ва давлат манфаатларига 2,9 трлн сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Энг кўп коррупцияга оид жиноятлар мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тижорат банкларида қайд этилган.
Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳар тўртинчисида коррупциявий омиллар аниқланган. Давлат харидлари соҳасида эса 12,6 трлн сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган.
Сенаторлар коррупция профилактикаси самарадорлигини ошириш, давлат харидларида қонунийликни мустаҳкамлаш, комплаенс тизими фаолиятини кучайтириш ҳамда коррупция оқибатида давлатга етказилган зарарнинг қопланиши устидан назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.











