Ўзбекистон | 18:38 / 31.01.2026
14137
2 дақиқада ўқилади

Яшнободдаги ёнғинда бир киши ҳалок бўлди

Тошкентнинг Яшнобод тумани Паркент кўчасида, Aviator савдо-кўнгилочар мажмуасида содир бўлган ёнғиндан сўнг олиб борилган дастлабки ўрганиш ишларида вайроналар остида бир кишининг жасади топилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Фото: ФВББ

 

31 январь куни Тошкентдаги Aviator савдо-кўнгилочар марказида содир бўлган йирик ёнғин оқибатида 3 ёшли бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси матбуот котиби Зуҳриддин Қурбонов маълум қилди.

Бошқа жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ. Ҳозирда тергов давом этмоқда ва кузатув камераларидаги ёзувлар ўрганилмоқда, деди у.

ФВВ вакилининг маълум қилишича, ёнғин умумий овқатланиш шохобчалари ва болалар майдончаси жойлашган иккинчи қаватда содир бўлган.

Зуҳриддин Қурбоновнинг сўзларига кўра, ёнғиндан тахминан 800 квадрат метр майдон зарар кўрган. Ёнғинни ўчиришга 12 та асосий ва 4 та махсус техника ҳамда 6 та сув ташувчи техника жалб этилган.

Кечқурун воқеа жойида турли тузилмаларнинг 200 га яқин мутахассиси иш олиб борди. Ёнғин содир бўлган жой яқинидаги чорраҳа тўсиб қўйилган.

Дам олиш кунлари марказда одатда болали оилалар кўп бўлади. Бу ерда кўпчилик болаларнинг туғилган кунлари нишонланади.

Gazeta суҳбатлашган гувоҳлар ёнғин содир бўлган вақтда майдонда бўлганини айтди. Уларнинг сўзларига кўра, атроф бир зумда қорайиб кетган. Фарзандларини излаб юрган ота-оналарни кўриш мумкин эди. Тутунни кўриб, одамлар кўчага югурган.

Аҳолининг маълум қилишича, иккинчи қаватдаги ёнғин чиқиш жойи доим ёпиқ бўлган.

Korzinka супермаркетлари тармоғи ёнғин иккинчи қаватда, унга ижарага берилган ҳудуддан (биринчи қават) ташқарида бошланганини тасдиқлаган. «Ёнғин аниқлангач, дарҳол барча кўзда тутилган хавфсизлик чоралари кўрилди. Мижозлар ва дўкон ходимлари тезлик билан хавфсиз жойга кўчирилди. Супермаркет ходимлари ва мижозлари орасида жабрланганлар йўқ», дейилади хабарда.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид