Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик кўп ҳолларда кутилмаган жиноят эмас – мутахассислар зўравон шахсларнинг умумий психологик ва ижтимоий белгилари мавжудлигини таъкидлайди. Аммо Ўзбекистонда бу шахсларни эрта аниқлаш, хавфни олдиндан кўриш ва болани ҳимоя қилишга қаратилган тизим ҳали йўлга қўйилмаган. Kun.uz мутахассислар хулосаларига таянган ҳолда зўравонларни эрта аниқлаш ва бунинг аҳамиятини тушунтиради.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабарига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда номусга тегиш жиноятлари кўпайган: 2024 йилда 359 та бўлган бўлса, 2025 йилда 381 та шундай жиноят содир этилган. Афсуски, бундай жиноятлар болаларга нисбатан ҳам содир этилмоқда. 2026 йилнинг дастлабки ойидаёқ Фарғонада 14 ёшли қизнинг 4 эркак томонидан зўрланиши, Сурхондарёда 9 синф ўқувчисининг жинсий зўравонликка учрагани муҳокамалар марказида бўлди.

Зўравонликка учраган болалар кечинмалари

Жинсий зўравонлик боланинг фақат танасида эмас, онгида ҳам чуқур ва оғриқли жароҳат қолдиради. 7 ёшида қариндоши томонидан зўрланган қизалоқ шундай дейди: “Ўша кундан кейин мен қоронғиликни ёмон кўриб қолдим. Ҳар хил овозлардан қўрқаман. Айрим катталар кўзига қараш қийин. Баъзида жуда бақиришни истайман, лекин овозим чиқмайди. Йиғлагим келади, ҳаммани ёмон кўраман, ҳатто ўзимниям”.

14 ёшли қиз эса жинсий зўравонликдан кейин орзуларидан айрилганини айтади: “Менга ишонмасликларидан қўрқаман. Айбни менга ағдаришларидан қўрқаман. Дўхтир бўлмоқчи эдим, лекин ҳозир биттаям орзуйим йўқ. Ўзимни мажбурласам ҳам орзуларимни миямга келтиролмаяпман. Ҳамма эркаклардан нафратланаман, ҳатто дадамдан, ўзимни укамдан ҳам”.

Жабрдийдага ачиниб, зўравонларни қоралаб, жазоланишини кутамиз. Аммо бирор тегишли ташкилот ёки тузилмалар бундай жиноятчиларни эртароқ аниқлаш ва жиноятнинг олдини олиш ҳақида бош қотирмайди.

Зўравонларни қандай аниқлаш мумкин?

Гавҳар Дарвиш (Тешабоева) психотерапевт:

“Зўравонлар шахсини таҳлил қилиш юзасидан тадқиқотларда бунга қандай сабаблар олиб келишини ўрганишга уриниб кўрганмиз. Бунда сабаб сифатида биринчи омил – психологик омил. Яъни боланинг ўзига ишончи пастлиги, агрессияга мойиллиги, уйида стрессни бошқариш усуллари ўргатилмаганлиги. Жинсий зўравонлик энг пастки майл – инсоннинг ҳайвоний ҳохишлари ҳисобланади. Шу ҳайвоний майлни бошқариш ўргатилмаганлиги жуда муҳим. Кейингиси – ижтимоий омил. Бунда оила ичидаги ва оила ташқарисидаги омиллар бор. Оила ичида: оилада шунақа зўравон шахслар борлиги. Масалан, зўравонлик турлари бор – жинсий, жисмоний, маънавий зўравонлик бор, урмасдан туриб ҳам инсон зўравонлик қилиши мукин. Оилада зўравон ота-она, агрессор борлиги, доимий бақир-чақир ёки жазолаш борлиги. Бу ерда гап баъзида юз берадиган шунақа вазиятлар ҳақида кетмаяпти, доимий жазолаш, уриш айтиляпти. Бобоси, бувиси, ота-онаси, ўгай отаси томонидан зўрланган (таҳқирланган, калтакланган) болалар ҳам киради бу гуруҳга. Болалигида зўравонлик кўрган болалар ҳақида кетяпти гап. Учинчи омил – жамиятда зўравонликларга нейтрал муносабатда бўлиш. Яъни зўравонлик содир бўлдими, бунга қурбоннинг ўзи айбдор деган қарашнинг борлиги. Бундан ташқари генетик омиллар (ирсий мойиллик) ҳам бор. Айнан зўравонлар гени аниқланмаган бўлса ҳам, отаси ёки онаси томонидан шунақа жиноят содир этганлар, алкоголиклар, наркоманларнинг борлиги ҳам бу наслда шундай шахслар туғилишига сабаб бўлади.