Жаҳон | 08:31
805
4 дақиқада ўқилади

Бессент: Россияга қарши санкциялар Украина бўйича музокараларга боғлиқ

Скотт Бессент Россиянинг “соя флоти”га қарши санкциялар жорий этиш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирди. Бироқ у шундай қўшимча қилди: барчаси Украина бўйича тинчлик музокараларининг боришига боғлиқ бўлади.

Фото: APA

АҚШ томонидан Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этилиши Украинада тинчликка эришиш бўйича музокаралар қай тарзда кечишига боғлиқ бўлади. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Скотт Бессент пайшанба, 5 феврал куни АҚШ Сенатининг банк ишлари бўйича қўмитасида маълум қилди.

Бессент, Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ва АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер билан бирга, 31 январ куни Майамида Россия томони билан бўлиб ўтган музокараларда иштирок этган АҚШ делегацияси таркибида бўлган.

Reuters агентлиги 5 феврал куни хабар беришича, Украинага қарши қарийб тўрт йилдан бери давом этаётган уруши фонида Россияга нисбатан кўриб чиқилаётган эҳтимолий санкциялар қаторида АҚШ молия вазири Россиянинг “соя флоти”га қарши чораларни ҳам тилга олди. Журналистлар таъкидлашича, Доналд Трамп 2025 йил январда Оқ уйга қайтганидан бери бундай санкцияларга ҳалича қўл урмади.

“Мен бу имкониятни кўриб чиқаман. Тинчлик музокаралари нималарга олиб келишини кўрамиз”, — деди Бессент. Шу билан бирга, у АҚШнинг Россия нефт компаниялари “Роснефть” ва “Лукойл”га қўйган санкциялари Москванинг музокаралар столига қайтишига туртки берган, деган фикрни билдирди.

5 феврал куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида Украинадаги урушни якунлашга қаратилган икки кунлик музокаралар тугади. Уч давлат делегациялари ёпиқ форматда учрашди. БААда АҚШ томонидан музокараларда президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф, Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ва АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл қатнашди. Украина делегацияси раҳбари — МХМК котиби Рустем Умеров. Россия томонидан делегацияга РФ Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси раҳбари адмирал Игор Костюков бошчилик қилди.

Украина президенти идораси раҳбари Кирилл Буданов маслаҳатлашувлар “чиндан ҳам конструктив тарзда ўтгани”ни айтди, аммо тафсилотларни келтирмади. Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский уларни “осон бўлмаган” деб атади. Бир неча соат олдин Уиткофф томонлар 314 нафар асирни алмаштириш бўйича келишиб олганини маълум қилди.

5 феврал куни Россия билан музокараларда Жаред Кушнер қандай рол ўйнаётгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Скотт Бессент АҚШ президентининг куёви музокараларда махсус элчи ва воситачи сифатида ҳаракат қилаётганини айтди.

Аввалроқ АҚШ Сенатининг банк ишлари бўйича қўмитасидаги эшитувлар давомида демократ сенатор Энди Ким Трампнинг куёви расмий лавозимни эгалламасдан, тегишли ҳисобдорлик ва шаффофликсиз Россия билан расмий музокараларда иштирок этаётганини танқид қилган эди. “Агар у (Жаред Кушнер — таҳр.) бу ишда (АҚШнинг Россия билан Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларида — таҳр.) иштирок этмоқчи бўлса, у ҳам барча бошқа юқори лавозимли давлат амалдорлари каби молиявий маълумотларни ошкор қилиш ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш бўйича худди шу қоидаларга амал қилиши керак”, — дея келтирилади Кимнинг ушбу муносабати сенатор сайтида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид