Олий Мажлис Сенатининг 5 феврал куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳар қандай ташқи таҳдидларга ўз ўрнида жавоб қайтариши лозимлигини билдирди. 

Сенатор ўз нутқида халқаро вазиятга тўхталиб, «дунёда бир-биридан чигил тугунлар кўпайиб бораётгани, улар орасидан бамисоли бомба кўмилган майдонда юргандек юриш нақадар оғирлиги, дунёнинг бугунги қоидалари кескин ўзгариб бораётгани, зўравон сиёсатчилар, айрим зўравон арбоблар, бамисоли муз устида рақс тушаётган раққосалар сингари бир дақиқадан кейин қайси томонга бурилишини, қайси томонга шох ташлашини ҳеч ким билмайдиган бир замонда юриш, бу ҳеч биримизни бир дақиқа ҳам хотиржам бўлишга йўл қўймаслиги»ни таъкидлади.

«Мурожаатномада тенглик, ўзаро муносабатларда самимий бўлишга катта эътибор берилганини кўрдик. Аммо мувозанат бузилиб, яна империяпарастлик, бўйинга бўйинтириқ осиш хавфи пайдо бўлса-чи? Кўчада ҳасса суянган ҳар бир ўткинчи „мен сенинг бош тоғингман, оғангман“ деб турса-чи? Бу империяни қўмсаш эмасми, азиз дўстлар?

Шу ўринда улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Дейдилар ит ҳурар – ўтади карвон, Ранжу балолардан ёнмасин жонинг, Аммо алам қилар бир умр гирён, Итлар орасидан ўтса карвонинг” деган тарихий сўзларини эслашимиз керак. Керак.

Аммо бу армон – бугунги кунда армон эмас. Биз бугун ана шу армонларни ушалтиришга қарши бирлашишимиз лозим бўляпти.

Балки, карвонимизга таҳдид қиладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайчага ёки ҳар қандай қашқирга қарши ўз жойида жавоб беришимиз, ковушини тўғрилаб қўйишимиз, попугини пасайтириб қўйишимиз, ақлини киритиб қўйишимиз шарт ва керак...», – деган у.

«Биз ўзимизни бошқаларга меҳнатимиз билан, ақлимиз билан, ишимиз билан тан олишга мажбур қилишимиз керак бўлади», – дея қўшимча қилган сенатор.

Империяпараст чиқишлар

Шу йил бошидан буён рус пропагандаси томонидан собиқ иттифоқ республикалари, хусусан, Ўзбекистонга суверенитетини рад этувчи бир неча чиқишлар амалга оширилди.

Дастлаб россиялик телебошловчи Владимир Соловёв Марказий Осиёни «бизники» деб атаган ва бу минтақанинг Москва учун стратегик аҳамиятини қайд этиб, Россия ўз хавфсизлиги учун Украинада бўлгани каби Арманистон ва Марказий Осиё давлатларида ҳам «махсус ҳарбий операция» бошлаши кераклиги ҳақида гапирганди