Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Рус генералига суиқасдда гумонланаётган шахс ушланди
Россия армияси Бош штаби бош бошқармаси раҳбари ўринбосари, генерал Владимир Алексеевга суиқасдни амалга оширган шахс Дубайда қўлга олинди. Бу ҳақда хабар берган Россия Федерал хавфсизлик хизмати бевосита ижрочи сифатида Россия фуқароси – 66 ёшли Любомир Корбани кўрсатмоқда.
У суиқасддан бир неча соат ўтиб БААга учиб кетган. Корба Дубайда ушланиб, кейин Россияга олиб келинган.
Тергов қўмитаси баёнотига кўра, у 2025 йил декабрида «Украина махсус хизматлари топшириғи билан террорчилик ҳаракатини содир этиш учун» Москвага келган.
Куч тузилмалари ижрочининг яна икки нафар шеригини ҳам тилга олди, лекин уларнинг аниқ роли кўрсатилмаган. Улардан бири 67 ёшли Виктор Васин Москвада қўлга олинган. Иккинчиси – 55 ёшли Зинаида Серебритская ФСБ ва Тергов қўмитаси маълумотига кўра Украинага чиқиб кетган.
Маҳаллий пабликларга кўра, гумондорлар бир-бири билан таниш бўлган ва айримларида Украина паспорти ҳам бўлган.
Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига Киев генералга қилинган суиқасдга алоқадор эмаслигини айтди. Бошқа нашрлар эса Алексеевга суиқасд «ички ҳисоб-китоблар» бўлиши «анча эҳтимолга яқин» эканини ёзмоқда.
Владимир Алексеевга суиқасд жума куни содир бўлган. Номаълум шахс Москвадаги уйининг подъездида генералга бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетганди. Алексеев шифохонага ётқизилган. У шанба куни операциядан сўнг ҳушига келгани хабар қилинди.
Исроил Ғарбий соҳилда яна кенгаймоқчи
Расмий Тел-Авив босиб олинган Ғарбий соҳилда Исроил назоратини кучайтириш ва кўчманчилар посёлкаларини кенгайтиришни кўзловчи янги чораларни маъқуллади.
Исроил ОАВларига кўра, мудофаа вазири Исроил Кац ва молия вазири Безалел Смотрич илгари сурган ҳужжат бўйича Ғарбий соҳилда фаластинликлар ерларини яҳудийларга сотишни тақиқловчи Иордания давридан қолган қонун бекор қилинади. Шунингдек, ерга эгалик реестрлари очилади ҳамда посёлкалар блокида қурилиш рухсатномалари Исроил маъмуриятига ўтказилади.
Ер реестрларининг очилиши эгаларининг исмлари оммага ошкор бўлишига ва исроиллик харидорларнинг улар билан бевосита боғланишига имкон яратади. Бу эса ҳудуд бўйлаб ер сотиб олишни ва посёлкалар кенгайишини осонлаштиради.








