Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари Украинага 90 млрд евро миқдорида имтиёзли кредит ажратилишини маъқулламоқда, бироқ буни етарли эмас, деб ҳисобламоқда. Уларнинг кўпчилиги 11 феврал, чоршанба куни бўлиб ўтган ЕИнинг мудофаа бўйича кенгаши йиғилишига келар экан, очиқчасига огоҳлантирди: ЕИнинг Киевга берган умумий ёрдами, ЕИ давлатлари ўз миллий бюджетларидан алоҳида ажратиб келаётган икки томонлама ҳарбий ёрдамни алмаштирмаслиги керак.

Бу учрашув бошланишидан бор-йўғи бир неча соат олдин Европарламент Киевга 2026–2027 йиллар учун 90 млрд евро миқдорида кредит беришни маъқуллади. Унинг 30 млрд евроси Украинага молиявий қўллаб-қувватлашга, 60 млрд евроси эса ҳарбий ёрдамга — хусусан, қурол-яроғ харидига йўналтирилади. Бунда ЕИ бюджети кредит учун кафолат сифатида, шунингдек фоизлар ва қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа харажатларни қоплаш учун ишлатилади. Еврокомиссия баҳосига кўра, бу харажатлар 2027 йилда тахминан 1 млрд еврони ташкил этади. Украина кредитни фақат шундай ҳолатда қайтариши керак бўлади: агар Россия унга репарациялар тўласа.

Финландия мудофаа вазири Антти Хяккянен бу қадамни Украинага Россия агрессиясидан ҳимояланишда “бурилиш нуқтаси” деб атади, бироқ қўшимча қилди: “Бу етарли эмас. ЕИга аъзо давлатлар ҳукуматлари ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак”. У ЕИнинг барча давлатлари Украинага ёрдам юкини адолатли равишда бўлишиши, уни фақат Киевнинг энг ишончли иттифоқчилари зиммасига ташлаб қўймаслиги шартлигини таъкидлади.

Европа Иттифоқи ажратаётган маблағлар Украинага блокнинг ҳар бир мамлакати алоҳида бериб келаётган ёрдамга “қўшимча равишда” ўтказилиши керак, деди Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳам. “Украина фақат шу йилнинг ўзида эҳтиёжларини қондириш учун 60 млрд евро ташқи ёрдамга муҳтож. Шунинг учун ҳар бир миллиард муҳим — ҳам миллий бюджетлардан, ҳам умумевропа манбалардан”, — деди Писториус.

Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур ҳам Украинага қўллаб-қувватлашга “ҳар бир киши” ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини таъкидлади. Унинг эслатишича, кейинги икки йилда Киевга ҳар йили тахминан 120 млрд евро керак бўлади, аммо ҳозирча унинг иттифоқчилари бу даражага “ҳатто яқинлашгани ҳам йўқ”. Певкурнинг фикрича, ЕИ кредити мамлакатлар шу пайтгача Украинага ажратиб келган ҳарбий ёрдамни алмаштира олмайди.

“Бу кредит Украинага ёрдам беришда демократик мамлакатларнинг барча улкан саъй-ҳаракатларини тўлдиради, аммо икки томонлама дастурлар сақланиб қолади”, — деб ишонтирди Полша мудофаа вазири ўринбосари Павел Залевский.

2025 йилда, АҚШ ёрдами тўхтатилганидан сўнг, Европа Украинага асосий донорга айланди, деб хабар қилди шу куни — 11 февралда Кил шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW). Тадқиқот Ukraine Support Tracker лойиҳаси таҳлилчилари билан ҳамкорликда ўтказилган.