Жаҳон | 18:15
1178
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Эрон билан кескинлик фонида Яқин Шарққа иккинчи авиаташувчини юбормоқда

Сўнгги маълумотларга кўра, «Gerald R. Ford» авиаташувчиси Атлантика океанида Жанубий Америка ва Кариб денгизи соҳилларидан Форс кўрфазига қараб сузади.

Фото: newsweek

АҚШ Эрон билан кескин муносабатлар фонида Форс кўрфазига энг катта «Gerald R. Ford» авиаташувчисини кузатув кемалари билан юбормоқда. Бу ҳақда The New York Times, Associated Press ва бошқа оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб хабар берди. Пентагон бу маълумотга изоҳ бермади.

Сўнгги маълумотларга кўра, «Gerald R. Ford» авиаташувчиси Атлантика океанида Жанубий Америка ва Кариб денгизи соҳиллари яқинида бўлган. The New York Times нашрининг ёзишича, авиаташувчидаги самолётлар Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш операциясида иштирок этган.

10 февраль куни АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан келишувга эришилмаса, Яқин Шарққа иккинчи авиаташувчисини юбориш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

12 февралда Трамп Эрон билан музокаралар бир ойга чўзилиши мумкинлигини айтди ва агар келишувга эришилмаса, Эрон учун «жуда аянчли» бўлишини қўшимча қилди.

Январь ойидан бери Форс кўрфазида аллақачон «USS Abraham Lincoln» авиаташувчиси ва бошқарилувчи ракета қуролларига эга бир нечта эсминецлар мавжуд.

The Wall Street Journal яна бир авиаташувчи кема - «George HW Bush» Яқин Шарқда жойлашишга тайёргарлик кўриш учун буйруқ олганини ёзган эди. Ҳозир у Виржиния (АҚШ) қирғоқларида.

Трамп январь ойида Эрондаги норозилик намойишлари куч билан бостирилгандан сўнг, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий иштирокини кучайтирди, аммо тезда эътиборни намойишчилардан Эрон ядровий дастурига қаратди. Бунга жавобан Эрон ҳукумати АҚШ ва унинг Яқин Шарқдаги иттифоқчиларининг ҳарбий инфратузилмасига зарба бериш билан таҳдид қилди.

7 февраль куни АҚШ ва Эрон ўртасида билвосита музокаралар бўлиб ўтди. Америкаликлар Теҳрондан ядро дастури, ракета арсенали бўйича ён беришни ва ҲАМАС ва «Ҳизбуллоҳ» каби Яқин Шарқдаги проксиларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни талаб қилди.

Томонлар музокараларни ижобий баҳолади, аммо улар ўртасида келишмовчиликлар сақланиб қолди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи мамлакат тинч мақсадларда уранни бойитишда давом этишини ва «нолга бойитиш» сиёсатини қабул қилмаслигини айтди. Эрон вице-президенти ва Эрон атом энергияси ташкилоти раҳбари Муҳаммад Исломийнинг айтишича, агар Вашингтон Теҳрондан санкцияларни олиб ташласа, Эрон уранни бойитиш даражасини пасайтиради.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид