Ўзбекистон | 10:04 / 17.02.2026
1768
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 2026 йилда 16 та маҳаллада шаҳар муҳити яратилади

Президент қарорига мувофиқ, 2026 йилда Навоий вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилади. Жумладан, танлаб олинган 16 та маҳаллада шаҳар муҳити ва қулай яшаш шароитлари яратилади.

Фото: hazratnavoiy.uz

Президент қарорига кўра, 2026 йилда Навоий вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромадини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда лойиҳавий ёндашув асосида ихтисослашувни чуқурлаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилган 8 та қишлоқ туманидан танлаб олинган 16 та маҳаллада шаҳар муҳити ҳамда қулай яшаш шароитлари яратилади.

Шунингдек, оғир тоифадаги Конимех ва Навбаҳор туманлари, шунингдек камбағаллик даражаси юқори бўлган 12 та оғир тоифадаги маҳаллада аҳоли яшаши ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратишга қаратилган комплекс инфратузилмавий ҳамда ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Вилоятдаги 40 та маҳаллани ихтисослаштириш мақсадида ушбу маҳаллаларга 60 та тик қудуқ қазиш, трансформатор ўрнатиш, электр тармоқлари тортиш ҳамда суғориш тармоқларини бетонлаш ишлари режалаштирилган.

Бундан ташқари, 2026–2027 йилларда Навоий вилоятида туячилик ва йилқичилик тармоғини ривожлантириш мақсадида хорижий давлатлардан сут ва гўшт йўналишидаги зотли туя ва отлар олиб келиниши назарда тутилган.

Қарорда грант маблағларини жалб этган ҳолда аҳоли ва чорвачилик хўжаликларидаги мавжуд майда шохли молларни 2026–2027 йиллар давомида тўлиқ идентификация қилиш вазифаси ҳам белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид