Британия полицияси қирол Чарлз III нинг укаси – собиқ шаҳзода Эндрю Маунтбеттен-Виндзорни қўлга олди. У мансабидан фойдаланиб, жиноят содир этишда гумонланмоқда. Полиция у Буюк Британиянинг халқаро савдо ва инвестициялар бўйича махсус вакили бўлиб ишлаганида дўсти, америкалик молиячи ва одам савдосида айбланган жиноятчи Жеффри Эпштейнга махфий маълумотларни бергани ҳақидаги хабарларни текширмоқда, деб ёзади BBC ва The Guardian.
Эндрю ўзининг туғилган кунида қўлга олинди – 19 феврал куни у 66 ёшга тўлганди. Қирол Чарлз III укасига нисбатан суриштирув ишларини маъқуллаган. «Аниқ қилиб айтишга рухсат беринг: қонун тантана қилиши керак», – деган у ва энди ҳуқуқ-тартибот органлари пухта ва адолатли суриштирув жараёни ўтказиши кераклиги, бунда қироллик хонадони уларга «ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши»ни қўшимча қилган.

Peter Nicholls / Getty Images
Эндрю қарийб 400 йил ичида Британия монархиясининг ҳибсга олинган илк вакили бўлди. The Guardian нашри ёзишича, бундан олдингиси Англия қироли Чарлз I бўлганди, у 1647 йилда фуқаролик уруши даврида асирга тушган ва хиёнатда айбланиб, қатл этилганди. Британия тожининг жиноий ҳаракат учун айбланган олдинги вакили Эндрюнинг синглиси, малика Анна бўлганди. У 2002 йилда ити Виндзорда икки болани тишлаб олгани учун 500 фунт миқдорида жаримага тортилганди. Шу билан бирга, Анна бу иш доирасида қўлга олинмаган.
Эндрю кўп йиллар давомида Жеффри Эпштейн билан яқин алоқада бўлган. Улар 1990-йилларда танишишган ва 2008 йилда Эпштейн ўсмир ёшдаги қизларни зўрлашда айбланиб, қамалганидан кейин ҳам у билан алоқаларни сақлаб қолган. Эпштейн Эндрюнинг собиқ рафиқаси Сара Фергюсонга (балки унинг ўзига ҳам) пулдан ёрдам қилгани ҳақида маълумотлар бор. Бунинг эвазига Эндрю Эпштейнга «ҳурматга сазовор бўлиш, сиёсий етакчилар ва бизнес давраларига кириш»ни таъминлади, дейди Эндрюнинг норасмий таржимайи ҳоли муаллифи ёзувчи Эндрю Лоуни.

Davidoff Studios / Getty Images











