Йиғилишда таъкидланишича, Қорақалпоғистонда 270 миллион тонна цемент, 256 миллион куб метр қурилиш ва пардозбоп тошлар, 200 миллион тонна оҳак, 31 миллион куб метр керамзит, 30 миллион куб метр қурилиш қумлари, 27 миллион куб метр ғишт хомашёси, 6,9 миллион тонна шиша, 6,5 миллион тонна гипс, 4,3 миллион тонна вермикулит захиралари аниқланган.
Келгуси 5 йилда ҳудуд иқтисодиётини 102,5 триллион сўмга (2025 йилда 54,3 триллион сўм бўлган), жон бошига эса 51 миллион сўмга етказиш, саноат ва хизматлар соҳасида 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Барча имкониятларни ишга солиб, саноат, хизматлар ва туризм экспортини 900 миллион долларга етказиш муҳимлиги таъкидланди (2025 йилда 435 миллион доллар бўлган).
Жорий йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағалликни 3,2 фоизгача пасайтириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Қўшимча равишда оғир тоифадаги Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманлари ҳамда 90 та маҳаллада камбағалликни 2 баробар қисқартириш вазифаси қўйилди.

Тақдимотда инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудга аввал берилган имтиёзлар муддатини узайтириш таклифи билдирилди, президент ушбу таклифни қўллаб-қувватлади. Қорақалпоғистонга бевосита хорижий инвестициялар ҳажмини 2,5 баробар ошириш (2025 йилда 3,5 миллиард доллар бўлган) мақсад қилингани қайд этилди.
Ҳудуд учун ишлаб чиқилган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Сунъий интеллект соҳаси учун Тахиатош туманида модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини ташкил этиш, Нукус шаҳрида автомобиль саноати учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технологик кластер барпо этиш, базальт толаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, чиқиндиларни куйдириш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш, Қораўзак туманида кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси, Тахтакўпир туманида пахта тозалаш ва йигириш фабрикаси, Чимбой туманида ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидан.
Қишлоқ хўжалиги бўйича Қорақалпоғистонда мавжуд ер ресурсидан фойдаланиш даражаси ҳудуд имкониятларига мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Мавжуд майдонларнинг атиги 2,5 фоизига экин экилаётгани, қолган 16 миллион гектар деярли ишлатилмаётгани қайд этилди. Иқлимга мос янги экин турларини топиб, уларни етиштириш бўйича илмий-амалий тажрибаларни йўлга қўйиш, сувсизлик ва шўрга чидамли, шу жумладан, фармацевтика саноати учун доривор гиёҳларни катта майдонларда етиштириб, экспортни кўпайтириш вазифалари белгиланди.













