«Эпштейн файллари» эълон қилиниши айниқса сиёсат ва бизнес оламида кўплаб шов-шувли можароларни келтириб чиқарди. Молиячи ва балоғатга етмаган қизларни зўрлашда айбланган жиноятчи Жеффри Эпштейн ўзини «Давос консержи» деб атаган ва нафақат бизнес ҳамжамияти вакиллари ва сиёсатчилар билан, балки юридик элита билан ҳам алоқада бўлган.

Шу билан бирга, унинг кўплаб таниқли дўстлари, жумладан, унинг жиноятларига шерик бўлганлар фақат обрўси тўкилиши билан қутулиб қолди. Аммо архивдан номи чиққанлар орасида реал оқибатларга дуч келганлар ҳам бор. Қуйида шулар ҳақида.

Эндрю Маунтбеттен-Виндзор

Буюк Британия қироли Чарлз Учинчининг укаси, шаҳзода Эндрю 2025 йил кузида педофил Эпштейн билан алоқалари учун барча титулларидан маҳрум қилинганди. Эпштейннинг энг машҳур қурбони, 2025 йил баҳорида ўз жонига қасд қилган Виржиния Жуффре 17 ёшдалигида Эндрю билан уч марта жинсий алоқага мажбурланганини айтган. 2026 йил февралида Эндрю мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда гумонланиб қўлга олинди ва сўроқ қилиш учун маҳкамага олиб кетилди. У Буюк Британиянинг халқаро савдо ва инвестициялар бўйича махсус вакили лавозимида эканида махфий маълумотларни Эпштейнга тақдим этгани тахмин қилинмоқда. Сўроқдан кейин Эндрю қўйиб юборилган, аммо бу иш бўйича тергов давом этади.

Томас Притцкер

Томас Притцкер меҳмонхоналар ва курортларнинг глобал тармоғини бошқарувчи Hyatt Hotels корпорацияси раҳбари лавозимидан истеъфога чиқишга мажбур бўлган. 2024 йилда Виржиния Жуффре ўз кўрсатмасида Притцкер томонидан жинсий зўравонликка учраганини баён қилганди. Унинг ўзи бу айбловни рад этган, лекин Эпштейн билан яқиндан таниш бўлганини тан олган.

Султон Аҳмад ибн Сулайим

Бирлашган Араб Амирликларидан бўлган тадбиркор, логистика соҳаси гигантларидан бири DP World компанияси директорлар кенгаши раиси ҳамда бош директори бўлган Султон Аҳмад ибн Сулайим Эпштейн билан яқин алоқаларини фош қилган ёзишмалари эълон қилиниши ортидан истеъфо берди. Расмий баёнотда истеъфо сабаби тўғридан тўғри келтирилмаган.

Брэд Карп

1875 йилда ташкил этилган Paul, Weiss, Rifkind, Wharton & Garrison номли йирик юридик фирмани 2008 йилдан буён бошқариб келган Брэд Карп ҳам Эпштейн билан ёзишмалар ошкор бўлганидан кейин ўз лавозимини тарк этди. Истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризада «сўнгги янгиликлар Карпни жамоатчилик диққат марказига қўйгани, бу эса компания манфаатларига тўғри келмаслиги» ҳақида гап кетади. Лекин Эпштейннинг номи тилга олинмаган.