Telegram асосчиси Павел Дуров Россияда унга нисбатан «террорчилик фаолиятига кўмаклашиш» моддаси  бўйича жиноий иш қўзғатганини маълум қилди (Россия тергов органлари бу ҳақда расман эълон қилмаган). Иш Россия Жиноят кодексининг 205.1-моддаси 1.1-қисми бўйича қўзғатилган – унга кўра 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

У ўз каналида расмийлар россияликларнинг мессенжерга киришини чеклаш учун «ҳар куни янги баҳоналар ўйлаб топаётгани» ҳақида ёзди ва содир бўлаётган воқеаларни «ўз фуқароларидан қўрқадиган давлатнинг қайғули манзараси» деб атади.

Унинг бу изоҳига «Российская газета» ва «Комсомолская правда» нашрларидаги мақолалар сабаб бўлди. Бу мақолалар бир-бирига жуда ўхшаш ва деярли бир вақтда чиққан. Қуқида россиялик пропагандачилар Дуров ва телеграм ҳақида нималар ёзишгани келтирилади.

«Российская газета»

Дуров анонимлик ва ҳар қандай ҳокимиятдан мустақилликни тарғиб қилди. Бу телеграмга радикаллар, гиёҳвандлар, қотиллар ва террорчиларни олиб келди. 2014 йилда у ерга украиналик неонацистлар, кейин эса «АУЕ» гуруҳлари (жиноий гуруҳларни ифодаловчи аббревиатура) келди. Ҳеч қандай блокировка йўқ – бу Дуров танлаган зўравонлик ва ўзбошимчалик йўли. Эрон, Ҳонгконг ва бошқа мамлакатлардаги норозилик намойишлари телеграмда мувофиқлаштирилди. СВО («махсус ҳарбий амалиёт» – Россия ҳукумати Украинадаги урушни шундай атайди) шароитида у НАТО мамлакатлари ва «Киев режими» махсус хизматларининг асосий қуролига айланди.

Мана ИИВ ва ФХХ келтирган рақамлар: 2022 йилдан буён телеграмдан фойдаланган ҳолда 153 минг жиноят содир этилган. Улар орасида – «Крокус»даги теракт, Даря Дугина, Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши бор.  Дуров Роскомнадзорнинг мурожаатларини сурбетларча эътиборсиз қолдирди. Аммо унинг ёлғончилигини қарангки, Францияда ҳибсга олиниши биланоқ, у дарҳол Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик қила бошлади. Россия узоқ сабр қилди. Лекин энди чоралар кўрилди. Бу эркинликка ҳужум эмас, бу давлат фуқароларни назоратдан чиқиб кетган рақамли махлуқдан ҳимоя қилади.

«Комсомолская правда»

Телеграм жуда қулай экани ҳаммага маълум. Аммо унинг ёрдамида россиялик генераллар ўлдирилаётгани, мактабларга ҳужумлар уюштирилаётгани, жангарилар ўз ҳаракатларини мувофиқлаштираётганидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Дуровни 10 йилдан ортиқ вақт давомида жавобгарликка тортишга ҳаракат қилишди. 2018 йилдаёқ у қонунни бажаришга тайёрлигини айтганди, аммо ваъдалар ёлғон бўлиб чиқди: 2020 йилда блокдан чиқарилгандан сўнг у риторикани кескин ўзгартирди, кейин эса РФдан чиқиб кетди.

СВО шароитида Ғарб махсус хизматлари ва тизимли бўлмаган мухолифат телеграм орқали ахборот таъсирини кучайтирди. Россияликларга ёппасига президент сиёсатига қарши роликлар юборилмоқда. Мақсад – қарши овоз бериш ва кўча акциялари. Ўз жонига қасд қилиш, қотиллик ва гиёҳванд моддаларни тарғиб қилиш ҳам телеграмда.