Ташкилот матбуот хизматининг очиқлашича, иқтисод қилинган маблағлар биринчи навбатда геология қидирув ишлари, 3D сейсмика, янги истиқболли майдонларни аниқлаш, излов-қидирув ва ишлатиш қудуқларини бурғилашга йўналтирилмоқда. Таъкидланишича, бу йил компания тарихидаги энг катта бурғилаш ҳажми режалаштирилган – 103 та қудуқ. Шунингдек, республика бўйлаб 6500 кв.км ҳудудда 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилиши белгиланган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати ташкилотда бошланган “Долзарб 100 кунлик” дастурининг дастлабки 50 кунлигида эришилган натижаларга бағишланган брифинг ўтказди. Унда геология-қидирув ишлари, бурғилаш, ишлаб чиқариш ҳамда иқтисодий-ижтимоий йўналишлардаги сўнгги кўрсаткичлар очиқланди.
Қайд этилишича, “Долзарб 100 кунлик” доирасида жамиятни молиявий соғломлаштириш, харажатларни мақбуллаштириш орқали самарадорликка эришиш каби вазифаларга асосий эътибор қаратилган. Маблағлар биринчи навбатда геология қидирув ишлари, техник тадбирлар, қазиб чиқариш ҳамда қайта ишлашга йўналтирилган.
“Сарф-харажатларни қисқартириш натижасида дастлабки икки ойда қўшимча 1,1 трлн сўм самарага эришилди. Хусусан, ўтган қисқа давр мобайнида нефт ва газ қазиб чиқариш, углеводородлар захирасини оширишда устувор ҳисобланган геология қидирув, 3D сейсмика натижалари асосида янги истиқболли майдонларни аниқлаш ҳамда излов-қидирув қудуқларини бурғилаш ишлари амалга оширилди. Республикадаги кон ва майдонларнинг чуқур геологик тузилишини ўрганиш ҳамда излов бурғилашга янги структуралар аниқлаш мақсадида жами 6500 кв.км ҳажмда 3D сейсмик қидирув ишлари ўтказилиши белгиланди. Бу ўтган йилга нисбатан 2,5 баравар кўп”, – дейди ташкилот матбуот котиби Мўмин Ибодов.
Масъулга кўра, бу йил “Ўзбекнефтгаз” тарихидаги энг катта ҳажмда бурғилаш ишлари амалга оширилади. Жумладан, 103 та қудуқ: 58 та излов-қидирув қудуғи, 45 та ишлатиш қудуғини бурғилаш режа қилинган.
“Геология қидирув ишларини жадаллаштириш, ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш мақсадида 20 та инвестиция блоки учун рухсатномалар олинди. Геология-қидирув асбоб-ускуна паркини модернизация қилиш ҳамда уларга замонавий ускуналарни жалб этиш мақсадида 12 та бурғилаш дастгоҳи, 2 та 3D сейсмик мажмуа ва 100 дан ортиқ каротаж асбобини харид қилиш юзасидан хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилди”, – дейди Мўмин Ибодов.
Жамиятда товар-моддий ресурслар нархларини мақбуллаштириш, юқори фоизли кредитлар бўйича ставкаларни пасайтириш, қўриқлаш тизимини рақамлаштириш орқали харажатларни камайтириш бўйича ҳам ишлар амалга оширилган. Дебитор қарздорликларни ундириш, ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан-тўғри музокаралар натижасида товар-моддий ресурслар ва хизматлар нархларини пасайтириш орқали 766 млрд сўм иқтисод қилинган. Бу кўрсаткич йил якунига қадар 2,5 трлн сўмга етиши кутилмоқда.





