Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидаги эҳтимолий рақиби ўзгариши мумкин. Африка футболидаги катта можаро мантиқий якунига етмоқда ва ФИФА Конго ДР миллий жамоасини қитъалараро саралаш босқичидан четлатиб, унинг ўрнига Нигерияни тайинлашга яқин. Бу ҳақда Африканинг бир қатор спорт нашрлари хабар берди. Аммо ФИФА можаро бўйича ҳали якуний қарорини эълон қилмади.
Можаро мазмуни
2025 йил ноябр ойида Конго ДР миллий жамоаси Африка плей-оффида Нигерияни мағлуб этди (асосий вақтда 1:1 ва пеналтилар сериясида 4:3). Бу конголикларга ЖЧ-2026 йўлланмаси учун қитъалараро плей-офф ўйинларига йўлланмани тақдим этди. Нигерия эса ЖЧ-2026 йўлланмасидан маҳрум бўлди.
Декабрда АҚШ пойтахти Вашингтонда ЖЧ-2026 гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Ўзбекистон миллий жамоаси K гуруҳида Португалия, Колумбия ва саралашдан ўтадиган яна бир жамоага (Конго ДР/Ямайка/Янги Каледония) қарши ўйнаши маълум бўлди.
Нигерия футбол федерацияси (НФФ) Конго ДР фуқаролик ва миллий мансубликни ўзгартириш талабларига жавоб бермайдиган ўйинчилардан фойдалангани ҳақида ФИФАга расмий шикоят билан чиқди.
Шикоят нимага асосланган
Нигерия футбол федерацияси (НФФ) Конго ДР таркибидаги 9 нафаргача футболчи фуқароликни ўзгартириш тартибини бузган деб ҳисобламоқда - уларда Европа паспорти бор, аммо Конго ДР қонунларига кўра икки фуқароликка рухсат берилмайди.
Нигерияликларнинг таъкидлашича, бу футболчилар Европа паспортидан воз кечмаган ва Конго ДР футбол федерацияси ФИФАни миллий фуқаролик ҳужжатлари билан чалғитган.
ФИФА футбол қоидаларига кўра, футболчидан фақат мамлакатнинг амалдаги паспорти талаб қилинади. Аммо Конго ДР фуқаролик қонунчилиги бўйича икки фуқаролик тақиқланган. Ушбу ҳолат шикоятга сабаб бўлган.
Конго ДР футбол федерацияси барча ўйинчилар ФИФА томонидан маъқулланганини ва майдонга тушиш ҳуқуқига эга эканини таъкидламоқда ва Нигерияни майдондаги мағлубиятдан сўнг «орқа эшикдан бостириб киришга» уринишда айбламоқда.
ФИФА қарорининг ҳолати
Дастлаб ФИФА 2025 йил декабр ойида футбол қоидалари учун футболчи вакил бўлган мамлакатнинг амалдаги паспорти бўлиши етарли эканини айтиб, шикоятни рад қилган эди.







