Али Хоминаийнинг ўлими
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат диний раҳбари Али Хоминаий ҳалок бўлганини тасдиқлади. 86 ёшли Хоминаийнинг жасади унинг Теҳрондаги қароргоҳи харобалари остидан чиқариб олинган.
Корпус матбуот хизмати баёнотида унинг ўлими 28 феврал тонгида АҚШ ва Исроил томонидан йўлланган зарбалар оқибатида рўй бергани айтилган. Хоминаий Эронни 1989 йилдан буён бошқариб келаётганди.
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Хоминаий Исроилнинг «Арслон наъраси» номли амалиёти чоғида Эроннинг бошқа юқори мартабали шахслари билан биргаликда ўлдирилганини маълум қилди. Зарба вақтида Хоминаийнинг ёнида бўлган қизи, куёви, келини ва набираси ҳам ҳалок бўлган.
Али Хоминаий туғилган Машҳад шаҳридаги имом Ризо масжиди гумбазида мотам байроғи кўтарилган. Мамлакатдаги масжидлар ва майдонларда бомбод намозидан кейин йиғилган минглаб кишилар унинг вафоти муносабати билан мотам бошлаган.

Atta Kenare / AFP / Scanpix / LETA
Трамп энди Эрон билан келишиш осонроқ бўлишини айтди. «Турган гапки, энди бу бир кун олдингига қараганда осонроқ», деган у CBS News телеканали мухбирининг АҚШ ва Эрон ўртасидаги можарони дипломатик йўл билан ҳал қилиш имкониятлари ҳақидаги саволига жавоб бераркан. У ислом республикаси раҳбарлиги учун «бир неча яхши номзодлар борлиги»ни қўшимча қилган, аммо гап айнан кимлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.
Бу хабарлар фонида Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф мамлакат қуролли кучлари Али Хоминаий ўлими учун қасос олиши ва Американинг минтақадаги объектларига янада қатъий зарбалар йўлланишини ваъда қилди.

Majid Asgaripour / WANA / Scanpix / LETA
Трамп эса Эронни жавоб зарбаларидан тийилишга чақирди.
«Эрон ҳозиргина ҳар қачонгидан ҳам қаттиқроқ зарба беришини айтди. Бундай қилмагани яхши, чунки бундай қилса, биз уларга ҳеч қачон кўрилмаган куч билан зарба берамиз!» дея таҳдид қилди АҚШ президенти.














