Жаҳон | 17:49 / 02.03.2026
2736
2 дақиқада ўқилади

Туркияда аниқланган ноқонуний мигрантлар орасида ўзбекистонликлар учинчи ўринда қайд этилди

2025 йилда Туркия ҳукумати томонидан 13683 нафар Ўзбекистон фуқароси ноқонуний мигрант сифатида ҳибсга олинди. Бундан ҳам кўп ушланганлар Афғонистон ва Сурия фуқаролари бўлди.

Фото: Kun.uz

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Туркияда қўлга олинган ноқонуний мигрантлар сони бўйича учинчи ўринда қайд этилди. Туркия Миграция бош бошқармасининг расмий статистик маълумотлари шундан далолат беради.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йилда Туркия ҳукумати томонидан 13683 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. Бир йил аввал, 2024 йилда бу кўрсаткич 11521 кишини ташкил этган – шунда Ўзбекистон рейтингда тўртинчи ўринни эгаллаган эди.

Ўсиш 2022 йилдан бери давом этмоқда. 2021 йилда 4817 нафар ўзбекистонлик қўлга олинган бўлса, кейинги йилда бу кўрсаткич 7553 нафарни ташкил этди. 2026 йил бошидан бери Ўзбекистоннинг 1437 нафар фуқароси ҳибсга олинган.

Рейтингнинг дастлабки икки поғонасини анъанавий равишда Афғонистон ва Сурия фуқаролари эгаллаб турибди, бироқ уларнинг сони сезиларли даражада камайган. 2025 йилда Туркия расмийлари 44157 нафар афғонистонлик ва 22515 нафар сурияликни ҳибсга олган. Таққослаш учун: 2024 йилда бу кўрсаткичлар мос равишда 65815 ва 50641 кишини ташкил этган.

Ноқонуний миграциянинг умумий статистикасига Туркманистон, Эрон, Ироқ, Миср, Марокаш, Судан ва Жазоир фуқаролари ҳам киритилган.

Туркияда ноқонуний мигрантларни аниқлаш бўйича рейдлар 2023 йил май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловидан кейин фаоллашди ва доимий равишда давом этмоқда. Мегаполисларда, жумладан Истанбулда ҳар куни текширувлар ўтказилади, унинг давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ўнлаб хорижликларни ҳибсга олади ва кейинчалик депортация қилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид