Жаҳон | 12:39
1095
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Эрон билан кескинлик фонида дипломатларини қайтармоқда

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Теҳрондаги элчихона ва Табриздаги бош консулликни эвакуация қилишни буюрди. Боку Нахичевон аэропортига Эрон томонидан берилган зарбани теракт деб баҳоламоқда.

Фото: REUTERS

Озарбойжон Эрон ҳудудидан учирилган бир нечта дрон Озарбойжон ҳудудига қулаганидан кейин Эрондан дипломатик ходимларини олиб чиқишини эълон қилди, деб маълум қилди мамлакат ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов 6 март, жума куни.

“Тегишли топшириқлар берилган. Улар Теҳрондаги элчихонамиздан ҳам, Табриздаги бош консуллигимиздан ҳам эвакуацияни қамраб олади. Ҳозирда бу йўналишда тегишли ишлар олиб борилмоқда”, — деди у.

Байрамовнинг сўзларига кўра, у бир кун олдин эронлик ҳамкасби Аббос Арағчи билан музокара ўтказган. “Эрон томони ушбу ҳодисани атрофлича текширишга ваъда берди ва биз натижаларни кутмоқдамиз”, — деди у.

5 март куни Эрондан учган камида тўртта дрон Озарбойжоннинг Эрон билан чегарадош ва мамлакатнинг асосий ҳудудидан Арманистон билан ажралган эксклави — Нахичевонга кириб келган. Озарбойжон ТИВ маълумотига кўра, дронлардан бири аэропорт терминалига, яна бири эса мактаб ҳудудига тушган. Тўрт киши жароҳат олган.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Эронни “террористик” ҳужумда айблади ва жавоб чоралари билан таҳдид қилди. Эрон эса, ўз навбатида, Нахичевон аэропорти зарба нишони бўлмаганини билдирди.

Эрон азалдан Исроил — Озарбойжоннинг яқин иттифоқчиси ва муҳим қурол етказиб берувчиси Озарбойжон ҳудудидан Ислом Республикасига қарши зарбалар бериш учун фойдаланиши мумкинлигидан хавотир билдириб келади. Июн ойида Боку Теҳронни Исроилга ўз ҳудудидан Эронга қарши ҳужумлар учун фойдаланишга йўл қўймаслигига ишонтирган эди. Ўшанда Исроил ва АҚШ ўн икки кунлик уруш чоғида Эрондаги учта муҳим ядровий объектга ҳужум қилган эди.

Теҳрон, шунингдек, мамлакат ичидаги озар миллий озчилиги орасидаги сепаратистик кайфиятларга ҳам азалдан шубҳа билан қараб келади. Эроннинг 83 миллион аҳолисидан тахминан 10 миллиони озар миллий озчилигига мансуб.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид