Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва АҚШ қўшма юридик таълим дастурларини йўлга қўйиши мумкин
Вашингтондаги Америка университети юридик коллежи вакиллари билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида юридик таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Фото: AP
“Дунё” АА хабар қилишича, Америка университети юридик коллежи (American University Washington College of Law)да халқаро ва қиёсий ҳуқуқий тадқиқотлар дастури директори Падидеҳ Алай бошчилигидаги олий таълим муассасаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида Америка томони университетнинг юқори академик даражасини таъкидлаб, халқаро тижорат ҳуқуқи бўйича АҚШнинг топ-10 талигига киришини ҳамда халқаро савдо, инвестиция ҳуқуқи, арбитраж ва қиёсий ҳуқуқшунослик соҳаларида катта тажрибага эга эканини маълум қилди.
Университет вакиллари ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида академик мобиллик ва магистрлик дастурлари, инвестициявий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ҳуқуқ соҳасида давлат хизматчилари малакасини ошириш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш борасидаги тажрибалари ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан шерикликни кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Шунингдек, назария ва амалиётни уйғунлаштирган ҳолда қўшма магистрлик дастурлари ва қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш, халқаро тижорат ва оммавий ҳуқуқ йўналишлари бўйича ўқишга кирувчилар учун молиявий имтиёзлар бериш режалаштирилган.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда давлат хизматчилари ва амалиётчи ҳуқуқшунослар учун малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш, ихтисослаштирилган тренинглар, стажировкалар ва алмашинув дастурларини жорий этиш таклиф этилди.
Учрашувда, шунингдек, халқаро савдо ҳуқуқи, ЖСТ ҳуқуқи, инвестицияларни тартибга солиш ва халқаро низоларни ҳал этиш соҳаларида мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар 2026 йил май ойида университет раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва академик алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди.