Ўзбекистон | 11:32 / 10.03.2026
7292
2 дақиқада ўқилади

Дарахтларни совуқ уради

Ҳафта ўрталарида шимол ҳудудларидан минтақага кириб келиши кутилаётган совуқ арктик ҳаво оқими сабаб, кўплаб вилоятларда дов-дарахтларнинг куртаги, гули ва ҳосили хавф остида қолади. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ҳафтадаги об-ҳаво кутилмалари билан Kun.uz'нинг жонли эфирида таништиради.

Ўзгидромет 10-12 март кунлари республиканинг шимол ҳудудлари учун ҳаво ҳароратининг - 8 даражагача, бошқа ҳудудлар учун - 3 даражагача пасайиб кетиши билан боғлиқ огоҳлантириш хабарини эълон қилди

Жорий йилнинг қиш мавсуми бутун метеорологик кузатувлар даврида энг иссиқ қиш бўлгани, бўлиб ҳам ўтган феврал ойи айрим ҳудудларда худдики апрел каби ўтганини ҳисобга олсак, жорий совуқлик кутилмаси айни қишлоқ хўжалик сектори учун турлича зарарланишларни тақдим этиши мумкин. Наботот олами иссиқ феврал сабаб, муддатидан анча олдин ўсиш даврига кириб қолди.

Шунга қарамай, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида ушбу совуқлик тўлқини дов-дарахтларга у қадар катта хавф туғдирмайди. Чунки шимолда ҳозирда дов-дарахтлар эрта уйғониш даврига кириб бормади. Сурхондарё вилояти боғлари учун (тоғли ҳудудларини ҳисобга олмаса) жорий совуқлик тўлқини кучли совуқ уришларини тақдим этмайди.

Аммо, бошқа вилоятлар, хусусан, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент каби вилоятлар боғларидаги дов-дарахтлар гули, ҳосилига келаётган совуқлик тўлқинининг таъсири катта. Водий вилояти аҳолиси эса совуқ уришига қарши самарали агротехник таъсир чораларини қўллаш орқали ҳосилни сақлаб қолишлари мумкин.

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид