Маълумотларга кўра, Эрон 600 мингдан зиёд фаол ҳарбийларга эга. Шундан 420 минги классик армия жангчилари бўлса, 190 минги Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг махсус кучларидан иборат.

Шунингдек, Басиж деб аталувчи кўнгиллилардан иборат гуруҳ ҳам бор: агар сафарбарлик эълон қилинса, жами қуролли кучлар сафи бир неча миллионга етиши мумкин.

Эҳтимолий ҳужум қаердан бошланиши мумкин?

Эрон – Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё кесишган ҳудудда жойлашган. Агар уруш янада чуқурлашиб, янги босқичга ўтса, табиий савол пайдо бўлади: Эрон ҳудудига қуруқликдан босқин қайси йўналишлардан бўлади?

Асосий вариантлар иккита: ё тоғлар орқали шимолдаги курд ҳудудларидан, ёки нефтга бой жанубдаги текисликлардан.

Шимолдан босқин – Эрон учун янгилик эмас. Мамлакат ўзининг энг янги тарихида 1980–1988 йиллардаги Ироқ босқинидан мудофаа тажрибасига эга.

АҚШ-Исроил ёки прокси гуруҳлар?

Эрон ҳудуди нафақат географик жиҳатдан, балки этник, ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан ҳам мураккаб. АҚШ-Исроил ана шу мураккабликдан фойдаланишга қарор қилиши мумкин.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, энг эҳтимолий сценарий тўғридан тўғри армия босқини эмас, балки Эрон ичида ва унинг чегараларида сепаратистик руҳдаги турли прокси кучлар орқали қуролли тўқнашувларни келтириб чиқариш мумкин. Айниқса, Ироқнинг Эрон билан чегарасидаги тахминан 8 миллион атрофида курдлар муҳим рол ўйнаши мумкин.

Муҳокамалардан хабардор манбаларга кўра, курд қуролли гуруҳлари Эрон хавфсизлик кучларига қарши чегара ҳудудларида ҳужумлар бошлайди, бу эса Эрон армиясининг эътиборини бир неча фронтга бўлиб юборади. Натижада мамлакат ичида норозилик намойишлари кучайиши осонлашади.

Лекин 5 март куни Ироқ Курдистони президенти Нечирвон Барзоний ўз ҳудудини ҳеч қандай ҳарбий кескинликнинг бир қисми бўлмаслигини айтиб, буни рад этган. Шунга қарамай, ҳудудда бошқа айирмачи курд жамоалари ҳам бор. Шу боисдан 28 февралда АҚШ-Исроил Эронга ҳужум бошлагач, инқилоб қўриқчилар корпуси кўплаб нишонлар қаторида Ироқ Курдистонига ҳам зарбалар бериб турибди.

Қолаверса, Яқин Шарқда уйқуда бўлган қандайдир радикал гуруҳлар кутилмаган баёнотлар билан уйғониб қолиши ҳам янгилик эмас.