Яқинда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчаси ўртасига панжара ўрнатилиб, бир ҳафта ўтиб олиб ташланди. 7 йил аввал воз кечилган лойиҳа яна қайтарилгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. 12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ўтказган матбуот анжуманида панжара ўрнатиш қайси илмий асос билан қайтарилаётгани, унга нега пул ажратилгани ҳақидаги саволларга изоҳ берилди.
ЙҲТМ бўлим бошлиғи Оллаёр Норбўтаевнинг қайд этишича, шаҳар ичидаги йўлларда панжара ўрнатиш давлат стандартларида бор.
“Ҳозир мана, қўйилган бўлса, экспериментал турибди. Мана, марказ ташкил қилинди. Марказ охирги ўша қўйилган кўча, умуман барча кўчаларда охирги 5–10 йил мобайнида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, яъни йўловчиларга, пиёдаларга қулайлик яратиш бўйича ҳар бир нуқтада ўрганиш ишлари олиб боряпти.
Ҳар бир нуқтада, масалан, сизга айтишим мумкин, ўрганиш ишлари амалга оширилиб, экспериментал харитада туради ва битта панжара эмас, у ерда светофор алмашади, йўл белгилари қўйилади, янги пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этилади, янги тротуарлар ташкил қилинади. Бу йўл ҳаракатини ташкил этишнинг юздан бир бўлаги”, – дейди у.
Пойтахт ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев ҳар бир кўчадаги вазиятни ўрганиш ҳокимликнинг Рақамли ривожланиш департаменти тузиб чиққан ЙТҲлар харитаси асосида кетаётганини маълум қилди. Жараён ҳали охирига етмаган.
“Ҳар биттасини қараб чиқиб ётибмиз. Айрим ҳолларда ростдан ҳам йўлларда панжаралар ўрнатилиши нотўғри бўлиши мумкин. Ҳозир якуний хулосамиз йўқ, лекин биз ўзимиз учун приоритет белгилаб олдик: қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак, қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак эмас.
Шу халқаро тажрибани ҳам ўргандик. Жуда кўп ҳолларда пиёдаларга устуворлик бериш масаласи қўйилган. Энг асосий битта калит омилни айтаман: панжаралар ташаббуси нимадан келиб чиққан? Йўлларда ўлимлар сони кўпайгани сабабли “ГАИ” ходимлари томонидан тавсия қилинган, "панжара қўяйлик", деган. Лекин халқаро тажрибада пиёдалар ўлимлари билан қанақа курашишади деган саволларга ҳам жавобларимиз бор, ўргандик.









