Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда юзлаб харидорлар улуш киритган “новостройка” қурувчининг банкдан қарзи сабаб аукционга чиқарилди
Пойтахтнинг Яшнобод туманида қурилаётган “Rohat” турар жой мажмуаси аукцион савдоларига чиқарилди. Бунга қурувчи ташкилот “Broccoli Plus” МЧЖнинг банкдан кредит қарздорлиги сабаб бўлган. Эндиликда мазкур турар жой мажмуасидан улуш киритиш асосида хонадон сотиб олган юзлаб харидор “дом” аукционда сотилса, янги эга уйларни бошқа харидорларга сотиб юборишидан хавотирда. “Broccoli Plus” МЧЖ вакили эса Kun.uz’га “масала тез орада ҳал бўлишини” билдирди.
Тошкент шаҳрида янги қурилаётган “Rohat” турар жой мажмуаси қурилиш фирмасининг кредит қарздорлиги сабаб аукцион савдоларига чиқарилди. Бу ҳақда мазкур турар жой мажмуасидан хонадон харид қилган фуқаролар Kun.uz’га мурожаат йўллади.
“Биз пул тўлаганмиз”
Маълум бўлишича, 2022 йилдан 2025 йилга қадар юзлаб харидор Яшнобод тумани Оҳанграбо кўчасида қурилаётган турар жой мажмуасидан хонадон сотиб олиш мақсадида “Broccoli Plus” МЧЖ билан шартнома имзолаган. Улар тузилган шартномага мувофиқ улуш киритиш асосида “дом”нинг қурилиши учун тўловларни амалга ошириб келишган. Кимдир шартнома бўйича белгиланган сумманининг асосий қисмини тўлаган бўлса, яна кимдир тўловни тўлиқ амалга ошириб бўлган.
Мурожаатчиларга кўра, шартномага мувофиқ турар жой мажмуаси 2024 йил 3-чорагида тўлиқ қуриб, топширилиши керак бўлган. Бироқ кўп қаватли уй бугунги кунга қадар фойдаланишга топширилмаган.
“Дом” аукционга қўйилган”
Бугунги кунда турар жой мажмуаси 63 млрд 342 млн сўм бошланғич нарх билан аукцион савдоларига чиқарилган. Бунга “Broccoli Plus” МЧЖнинг кредит қарздорлиги сабаб бўлган.

Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судининг 2025 йил 31 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, банк ва “Broccoli Plus” МЧЖ ўртасида 2022 йил 24 декабрда кредит шартномаси тузилган. Унга мувофиқ банк МЧЖга бир йиллик имтиёзли давр билан 2 йилга 5,5 млн доллар кредит ажратган. Кредит таъминоти сифатида эса мурожаатчилар эътирозига сабаб бўлаётган турар жой мажмуаси ҳам қўйилган.
Қурилиш фирмаси мазкур кредит шартномаси шартларини бажармаган. Оқибатда қарздорлик юзага келган. Шу сабабли, Савдо-саноат палатаси банк манфаатларини кўзлаб, судга даъво аризаси киритган. Суднинг ҳал қилув қарори билан кредит қарздорлигини ундириш, ундирувни гаров мулкига қаратиш ҳақида даъво аризаси қаноатлантирилган. Сўнгра, турар жой мажмуаси аукцион савдоларига чиқарилган.
Эндиликда турар жой мажмуаси қурилишида улушдор сифатида пул тўлаган харидорлар объект аукционда сотилиб, бошқа инвестор ёки қурилиш ташкилотига ўтиб кетса, хонадонлар ўзга шахсларга сотиб юборилиши хавфи юзага келганидан хавотирда.
“Масала ҳал бўлади”
Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида қурилиш фирмаси вакили билан боғланди. Унинг билдиришича, ушбу масала яқин кунларда тўлиқ ҳал бўлади.
“Масалани нотўғри талқин қилишмоқда. Чунки, ўша қурилиш 39 000 кв.метрдан иборат. Гаровга эса 11 000 кв.метр қисми қўйилган. Суд қарори устидан шикоят киритилган, масала яқин вақтлар ичида ижобий ҳал бўлади”, дейди фирма вакили.
Мавзуга оид
21:07 / 17.03.2026
Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилди
16:23 / 17.03.2026
Тадбиркорнинг “белини синдириш” — Тошкентда пешлавҳалар билан нима бўляпти?
14:51 / 17.03.2026
Пойтахтда наркотик савдоси билан шуғулланган онлайн тармоқ фош этилди
10:40 / 17.03.2026