ФИФА тартиб-интизом қўмитаси Нигерия футбол федерациясининг Конго Демократик Республикаси миллий жамоаси устидан берган шикоятини рад қилди. Бу ҳақда ESPN Нигерия футбол федерациясига (НФФ) таяниб хабар берди. НФФ зудлик билан апелляция жараёнини бошлаганини маълум қилди.

Аввалроқ, НФФ конголиклар таркибидаги бир неча футболчи фуқаролик ҳақидаги ФИФА талабларини бузгани бўйича эътироз билдириб, ушбу миллий жамоага техник мағлубият ёзган ҳолда ЖЧ-2026 саралаш ўйинларидан четлатишни талаб қилган эди.

«Биз ФИФА Тартиб-интизом қўмитасининг аризамиз бўйича қарорини олдик, бироқ аризамиз рад этилган қарор бизни қониқтирмайди», деди НФФ бош котиби Муҳаммад Сануси. «Нигерияликларни ишонтириб айтаманки, НФФ зудлик билан қарор устидан шикоят қилиш жараёнини бошлади».

Энди шикоят Спорт арбитраж судига (CAS) юборилиши кутилмоқда, аммо апелляция жараёни 26 март куни – қитъалараро плей-офф бошлангунга қадар якунланиши даргумон.

Конго ДР футбол федерацияси бу хабарга муносабат билдирмади.

Можаро мазмуни

2025 йил ноябр ойида Конго ДР миллий жамоаси Африка плей-оффида Нигерияни мағлуб этди (асосий вақтда 1:1 ва пеналтилар сериясида 4:3). Бу конголикларга ЖЧ-2026 йўлланмаси учун қитъалараро плей-офф ўйинларига йўлланмани тақдим этди. Нигерия эса ЖЧ-2026 йўлланмасидан маҳрум бўлди.

Декабрда АҚШ пойтахти Вашингтонда ЖЧ-2026 гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Ўзбекистон миллий жамоаси K гуруҳида Португалия, Колумбия ва саралашдан ўтадиган яна бир жамоага (Конго ДР/Ямайка/Янги Каледония) қарши ўйнаши маълум бўлди.

Нигерия футбол федерацияси (НФФ) Конго ДР фуқаролик ва миллий мансубликни ўзгартириш талабларига жавоб бермайдиган ўйинчилардан фойдалангани ҳақида ФИФАга расмий шикоят билан чиқди.

Шикоят нимага асосланган

Нигерия футбол федерацияси (НФФ) Конго ДР таркибидаги 9 нафаргача футболчи фуқароликни ўзгартириш тартибини бузган деб ҳисобламоқда - уларда Европа паспорти бор, аммо Конго ДР қонунларига кўра икки фуқароликка рухсат берилмайди.

Нигерияликларнинг таъкидлашича, бу футболчилар Европа паспортидан воз кечмаган ва Конго ДР футбол федерацияси ФИФАни миллий фуқаролик ҳужжатлари билан «чалғитган».