Сешанба тонгида Эроннинг Тел-Авив бўйлаб ракета зарбаси оқибатида тўрт киши жароҳатланган. Баллистик ракеталардан бири келиб тушган жойда улкан ўра ҳосил бўлган, атрофдаги учта бино ҳамда автомобиллар жиддий шикастланган, дея маълум қилди фронторти қўмондонлиги расмий вакили, полковник Мики Давид.
Сешанбага ўтар кечаси Исроилнинг шимолий ва жанубий ҳудудлари ҳам зарба остида қолган. Юз минглаб исроилликлар тунни бомбапанагоҳларда ўтказишган, Хайфа шаҳри чеккасида яшовчи кишилардан бири ҳужум вақтида енгил жароҳат олган.
Исроиллик ҳарбийлардан бирига кўра, Тел-Авивга келиб урилган ракеталардан бирининг жанговар каллагида 100 кг атрофида портловчи моддалар бўлган, лекин у Эрон бунгача қўллаган ракеталарга қараганда кучсизроқ эди.
Доналд Трампнинг Эрон инфратузилмасига зарба беришни вақтинча тўхтатгани ва Теҳрон билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақидаги баёнотлари фонида бош вазир Нетаняҳу Исроил Ливан жанубида Эрон режими ва унинг Ливандаги иттифоқчиси бўлган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши ҳарбий операцияни давом эттиришини маълум қилди.
«Биз ҳаётий муҳим манфаатларимизни ҳар қандай шароитда ҳимоя қиламиз», – деди Нетаняҳу сешанба куни 36 сониялик видеода.
Эрон бўйлаб зарбалар: нималар маълум?
Эрон нашрлари хабар беришича, қисқа танаффусдан сўнг Теҳроннинг шарқий ҳудудларига ҳужумлар қайтадан бошланган.
Шунингдек, Эрондаги манбаларга кўра, 23 март куни иккита газ иншооти ва қувурга ҳужум қилинган. Бу АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ беш кунга энергетика инфратузилмасига зарба беришни тўхтатишини айтганидан бир неча соат ўтиб рўй берган.
«Сионист ва америкалик душманлар томонидан давом этаётган ҳужумлар доирасида Исфаҳондаги газ бошқармаси биноси ва газ босимини назорат қилиш станциясига зарба берилди», – дея хабар берди Эроннинг Fars агентлиги. Эрондаги бошқа нашрлар ҳодиса ҳақида хабар бермаган.
Агентлик маълумотларига кўра, объектларга қисман зарар етган.
Яна бир зарба мамлакат жануби-ғарбидаги Хуррамшаҳр шаҳридаги электр станцияси газ қувурига берилган.
«Снаряд Хуррамшаҳр газ қувурининг газни қайта ишлаш станцияси ташқарисидаги ҳудудга келиб тушди», – дея хабар бермоқда агентлик Ироқ билан чегарада жойлашган шаҳар губернаторига таяниб. Расмийларга кўра, ҳужумга учраган инфратузилма одатдагидек ишлашда давом этмоқда, газ таъминотида узилишлар йўқ.



















