Жаҳон | 07:43 / 28.03.2026
3548
4 дақиқада ўқилади

АҚШ армияси экипажсиз уча оладиган биринчи Black Hawk’ни қабул қилди

АҚШ армияси экипаж билан ҳам, экипажсиз ҳам уча оладиган биринчи Black Hawk вертолётини қабул қилди. Бу воқеа анъанавий бошқариладиган учиш аппаратлари тобора кучайиб бораётган хавф-хатарларга дуч келаётган юқори таваккалчилик ҳудудларида операцияларни янада хавфсизроқ ташкил этишга ўтишни англатади.

Фото: Sikorsky

H-60Mx деб белгиланган янги аппарат АҚШ армиясининг жанговар имкониятларни ривожлантириш қўмондонлиги раҳбарлиги остида жадал синов босқичига кирмоқда. Расмийлар сўзларига кўра, асосий мақсад — бошқариладиган режим, пилот ихтиёрий қатнашадиган режим ва тўлиқ автоном парвоз ўртасида узлуксиз ўтиш имкониятини тасдиқлаш.

H-60Mx вазифалар самарадорлигини сақлаб қолган ҳолда учувчилар учун хавфни камайтириш мақсадида яратилган. У бортда экипаж билан ҳаракат қилиши, ердан туриб масофадан бошқарилиши ёки топшириқ талабидан келиб чиқиб тўлиқ автоном режимда ишлаши мумкин.

2026 йил давомида вертолёт бир қатор мураккаб сценарийлар бўйича синовдан ўтказилади. Улар қаторига автоном навигация, тўсиқларни айланиб ўтиш ва бошқариладиган ҳамда учувчисиз тизимлар билан биргаликда мувофиқлаштирилган вазифаларни бажариш киради. Муҳандислар, шунингдек, алоқага электрон тўсиқлар халақит бериши мумкин бўлган қарши таъсир шароитида унинг ишлашини ҳам баҳолайди.

H-60Mx ўн йилдан ортиқ давом этган ишланмалар маҳсули бўлди. Унинг илдизлари ALIAS (Aircrew Labor In-Cockpit Automation System) дастурига бориб тақалади. Бу дастурнинг мақсади илғор автоматлаштириш орқали парвоз бошқарувини соддалаштиришдан иборат эди.

Дастлаб тизим мавжуд вертолётларни модернизация қилиш учун мўлжалланган модулли тўплам сифатида яратилган. Кейинчалик, ҳарбий ва фуқаровий ҳаво кемаларида ўтказилган кўплаб синовлардан сўнг, у автоном бошқарув соҳасидаги тўлақонли ечимга айланди.

Бу жараёнда Sikorsky компанияси ишлаб чиққан MATRIX автономия дастурий таъминоти ҳал қилувчи рол ўйнади. Ушбу тизим рақамли иккинчи пилот сифатида ишлаб, парвознинг бутун жараёнини — учиб кетишдан тортиб қўнишгача назорат қилади.

H-60Mx АҚШ армиясининг асосий кўп мақсадли вертолёти бўлган UH-60M Black Hawk базасида яратилган. У 11 нафар тўлиқ жиҳозланган ҳарбий хизматчини ташиши ёки тахминан тўрт тонна ташқи юкни кўтариши мумкин.

Модернизация марказида илғор автоном миссиялар менежери турибди. У логистик таъминот, яраланганларни эвакуация қилиш ва хавф даражаси юқори ҳудудларда разведка олиб бориш каби мустақил вазифаларни бажариш имконини беради.

Яна бир муҳим ўзгариш — fly-by-wire бошқарув тизимига ўтиш бўлди. Бу анъанавий механик узатмалар ўрнини босиб, барқарорликни оширади ва автоматик манёврларни аниқ бажаришни таъминлайди. Бундан ташқари, у пилотлар юкини камайтириб, уларга тактик қарорлар қабул қилишга кўпроқ эътибор қаратиш имконини беради.

Тизим очиқ архитектурага эга, бу эса янги датчиклар, дастурий таъминот ва сунъий интеллектга асосланган воситаларни интеграция қилишни осонлаштиради. Бу вертолёт жиддий конструктив қайта ишловсиз келажак талабларига мослаша олишини таъминлайди.

H-60Mx Strategic Autonomy Flight Enabler дастури учун асосий платформага айланади. Ушбу дастурнинг мақсади — бутун Black Hawk парки учун универсал автономия тўпламини яратиш. Агар лойиҳа муваффақиятли амалга ошса, бу технология армиянинг жанговар шароитларда вертолётлардан фойдаланиш ёндашувини тубдан ўзгартириши мумкин. Автоном машиналар таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаши, яраланганларни эвакуация қилиши ва экипажлар учун ҳаддан ташқари хавфли ҳудудларда қўшинларга ёрдам кўрсатиши мумкин бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид