АҚШ ва Исроил кучлари 28 февраль куни бошлаган ва 4 ҳафтадан ортиқ давом этаётган уруш давомида Эрон ҳарбий кучларининг катта қисми: баллистик ракета майдончалари ва мамлакат ҳарбий-денгиз флотининг катта қисмини йўқ қилганини айтмоқда. Шу билан бирга, Эрон сақлаб қолган афзалликлардан бири — Shahed дронларидир.

Shahed номи билан танилган дроннинг кўплаб моделлари мавжуд, аммо энг кўп қўлланадигани – дельта қанотли Shahed-136. У бир марта фойдаланиладиган, қайтиб келмайдиган, ўзини ўзи портлатадиган – камикадзе зарбдор дронидир.

Shahed дрони ҳавода. Фото: Getty Images/AFP

Уни кўп жиҳатдан секин учадиган, содда қанотли ракета дейиш мумкин. Унинг кенглиги 2,5 метрдан бироз кўпроқ ва узунлиги 3,6 метр атрофида, максимал тезлиги соатига 185 километр. У ҳарбий ёки оддий пикапнинг орқа қисмидаги рельсли ускунадан учирилади.

Shahed дрони ўлчамлари / Фото: AFP

Ҳавога кўтарилгач, Shahed 2400 километргача масофага уча олади ва 40 кг вазнли жанговар каллаги учун нишонни топишда GPS’дан фойдаланади. Буларнинг барчаси ҳар бир дрон учун тахминан 35-50 минг доллар атрофида харажат эвазига амалга ошади.

Дронлар Американинг ракета захираларини тугатмоқда

Shahed дронлари — бу фақат АҚШ томонидан нишонга олинаётган катта заводларда эмас, кичикроқ цехларда ҳам йиғилиши мумкин бўлган, тайёр қисмлардан ясалган арзон қуроллардир. Эрон шу каби дронлардан Америка базалари, ҳаво мудофаа радарларини нишонга олиш, элчихоналар биноларига ҳужум қилишда, араб давлатларининг муҳим нефть ва газ инфратузилмаларини уришда фойдаланмоқда.

Эроннинг дрон ҳужумлари оқибатида шу кунга қадар АҚШнинг камида олти нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Дрон БАА, Қатар, Баҳрайн ва Саудия Арабистонидаги нефть ва табиий газ объектлари учун ҳақиқий даҳшатга айланди.