«Артемида II» миссияси ўз дастуридаги асосий бандни муваффақиятли бажарди ва Ой атрофида парвоз қилди. Ернинг табиий йўлдошини айланиб ўтиш учун «Орион» кемасига етти соат керак бўлди. Кема Ойнинг орқа томонида эканида у билан алоқа узилганди ва астронавтлар шу вақт оралиғида олинган суратларни кейинроқ кўрсатишни ваъда қилишган. «Медуза» миссиянинг бу босқичи қандай ўтгани ҳақида қисқача ҳикоя қилди.

Ер Ой уфқига ботиши. «Орион» космик кемасидан кўриниш. 2026 йил 6 апрел
NASA / AFP / Scanpix / LETA

7 апрелга ўтар кечаси бортида АҚШдан уч астронавт Рид Уайсмен, Виктор Гловер, Кристина Кох ҳамда канадалик Жереми Ҳансен бўлган «Орион» кемаси режа бўйича Ойга 6 минг километр масофада яқинлашди ва Ер табиий йўлдошининг атрофида айланиб учди. Кема Ойнинг орқа томонига ўтганида тахминан 40 дақиқа давомида у билан алоқа бўлмаган.

Ойнинг «Орион» кемаси бортидан кўриниши, 2026 йил 6 апрел
NASA / Xinhua / Scanpix / LETA

 CNN қайд этишича, бу кема экипажининг Ердан алоқаси узилиши билан боғлиқ бўлган энг узоқ муддат бўлди. «Артемида II» миссияси Ердан 252 756 мил (406 771 километр) масофага узоқлашган ҳолда яна бир рекордни ўрнатди. Бундан олдинги рекорд – 248 655 мил – «Аполлон 13»га тегишли эди ва 1970 йилдан буён сақланиб қолаётганди.

Ойнинг «Артемида-2» миссияси чоғида олинган сурати, унда Ойнинг Шарқий денгиз деб аталувчи қисми илк бор тўлиқ акс этган
NASA / AFP / Scanpix / LETA

Ой атрофини айланиб учаётганида астронавтлар унинг юзасига урилган метеороидларнинг камида олти бор чақнашига гувоҳ бўлишган, шунингдек кема турган нуқтадан туриб қуёшнинг тўлиқ тутилишини кузатишган ҳамда қуёш тожини тасвирга олишган.

Рид Уайсмен «Орион» кемаси бортида. 2026 йил 6 апрел
NASA / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA

«Орион» билан алоқа режа бўйича тикланган. BBC’нинг ёзишича, дастлаб радиосигнал қайтган, кейин эса маълумотларнинг катта пакети келган, шундан кейин Кристина Кохнинг тиниқ овози эшитилган: «Ҳюстон, „Интегрити“, алоқа текшируви. Ерни яна эшитиш жуда ажойиб».