Тошкентнинг Зарқайнар кўчаси тарихий қиёфаси сақлаб қолинган ҳолда қайта таъмирланди. Бунинг учун эса 150 миллиард сўм сарфланди. Ҳозирда туризм ва ҳунармандчилик марказига айланган кўчадан “Аёл” музейи, уй-меҳмонхоналар, аччиққина қаҳвадан тортиб 20 миллион сўмгача сотилаётган миллий либосларни топиш мумкин. Kun.uz мухбири тарихий кўчанинг янгиланган ҳаёти ҳақида кўрсатув тайёрлади.
Зарқайнар қадимдан шаҳарнинг иқтисодий ва савдо ҳаётида муҳим рол ўйнаган. Кўча яқинида Ҳастимом мажмуаси, Чорсу бозори ҳамда тарихий мадрасалар жойлашгани туфайли ҳудуд асрлар давомида савдогарлар, ҳунармандлар ва сайёҳлар йиғиладиган марказ сифатида хизмат қилган.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, Тошкентнинг эски маҳаллаларидаги кўчалар аниқ шаҳарсозлик режаси асосида эмас, табиий ривожланиш жараёнида шаклланган. Савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари, масжидлар ва маҳалла марказлари атрофида пайдо бўлган йўлаклар вақт ўтиши билан кўчага айланган. Шу сабабли эски шаҳар кўчалари тор, эгри-бугри ва бир-бирига туташ бўлган мураккаб тармоққа эга.
Зарқайнар кўчаси ҳам айнан шундай тарихий урбанистик тузилма маҳсули ҳисобланади. Кўчанинг торлиги, деворлари бир-бирига яқин жойлашгани ва бурилишларга бой тузилиши ўтмишдаги маҳалла ҳаётининг ўзига хос хусусиятларини акс эттиради. Бундай кўчалар транспорт йўли бўлиш билан бир қаторда, ижтимоий воқеаликлар қайнаган ҳудуд вазифасини бажарган: бу ерда савдо қилинган, қўшнилар йиғилиб ўзаро суҳбатлар ўтказган, ҳунармандлар эса устахоналарини юритган.
Тошкентдаги кўплаб тарихий кўчалар сингари Зарқайнар номининг келиб чиқиши ҳам аниқ бир манбага боғланмайди. Шаҳар топонимикаси бўйича тадқиқотларда бу номнинг шаклланишига доир бир неча эҳтимолий талқинлар учрайди. Уларнинг аксарияти сўзнинг лингвистик маъноси ва ҳудуднинг тарихий функцияси билан боғлиқ.
Биринчи талқинга кўра, “Зарқайнар” номи икки қисмдан яъни “зар” ва “қайнар” сўзларидан ташкил топган. “Зар” сўзи форс-тожик тилидан кириб келган бўлиб, “олтин”, “қимматбаҳо” ёки “бойлик” маъноларини англатади. Марказий Осиё шаҳарларида савдо-сотиқ фаол бўлган ҳудудлар кўпинча бойлик ёки савдо билан боғлиқ номлар билан аталган.
“Қайнар” эса ўзбек тилида “қайнамоқ”, яъни ҳаракатга тўла, гавжум ёки жонли жараённи билдиради. Шаҳар топонимларида бу сўз одамлар гавжум бўладиган жойларни ифодалаш учун ишлатилган. Шу сабаб, айрим тадқиқотчилар “Зарқайнар” номини “бойлик қайнайдиган жой” ёки “савдо қизғин кечадиган ҳудуд” сифатида талқин қилади.






