12 апрел куни Венгрияда парламент сайловлари бўлиб ўтди: овоз бериш жараёни якунларига кўра «Фидес» партияси ва унинг етакчиси, мамлакатни 16 йил мобайнида бошқарган Виктор Орбан оғриқли мағлубиятга учради. Мухолифатдаги «Тиса» партияси ғалаба қозонди. Ушбу кучлар парламентда конституцияга ўзгартиришлар имконини берадиган даражада кўпчилик ўринларни қўлга киритди, партия раҳбари Петер Можар эса мамлакатнинг янги бош вазири бўлади. «Медуза» у ҳақда нималар маълумлиги ва унинг бошқаруви даврида Венгриянинг Россия ҳамда Украина билан муносабатларида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Петер Можар ким ўзи?
45 ёшли Можар Венгрия сиёсатига чуқур боғланган оилада туғилган. Унинг онаси Моника Эрёш олий суд бош котиби бўлиб ишлаган, амакиваччаси Ференц Мадл эса 2000-2005 йилларда Венгрия президенти лавозимини эгаллаган. Можар ҳам ҳуқуқшунослик соҳасида диплом олгач, сиёсий карьерасини қуришга киришган.
2000-йиллар бошида у болалигидан ўзи ҳавас қилган Виктор Орбаннинг «Фидес» партиясига қўшилган. 1989 йилда ҳали ёш ҳуқуқшунос бўлган Орбан совет қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиш ва эркин сайловлар ўтказишни талаб қилиб, Венгрияда коммунистларга қарши ҳаракат қаҳрамонига айланганди. 1990-йилларда, шундай сайловлар бўлиб ўтганида Орбан парламент депутатлигига сайланади ва «Фидес» раҳбарига айланади, Можар эса (ўшанда у ҳали тўққиз ёшда бўлган) унинг фотосуратини хонаси деворига осиб қўяди.
«Фидес»га қўшилганидан кейин Можар Венгрия ТИВда ҳамда мамлакатнинг Евроиттифоқ қошидаги ваколатхонасида ишлайди, аммо юқори лавозимларга кўтарилмайди. Унинг рафиқаси Юдит Варганинг карьераси муваффақиятлироқ чиқади (улар 17 йиллик турмуш давомида уч фарзандни тарбиялашган). 2019 йилда у Орбан ҳукуматида адлия вазири лавозимини эгаллаган. 2023 йилда улар ажрашишган.
У қандай қилиб Виктор Орбанни мағлуб этолди?
2023 йил январида, Варга билан ажрашишидан икки ой олдинроқ, Можар рафиқаси билан суҳбатини яширинча ёзиб олади, унда Варга Орбан маъмурияти раҳбари Антал Роганнинг ёрдамчилари прокуратурадан ўз бошлиғининг исмини коррупцияга оид шов-шувли жиноий иш материалларидан чиқариб ташлашни сўраганини айтади. 2024 йил мартида, Варга бошқа можаро туфайли истеъфога чиққанида, Можар у билан ўша суҳбати ёзувини фейсбукка жойлаштиради. Унинг пости икки миллион марта кўрилади.









