Блокада… Қамал қилиш… Ўтмишда бу тушунча ҳарбий ва сиёсий лексиконда жуда кўп ишлатилар эди. Ўрта асрларда қамал қилиш орқали бирон бир шаҳарни қўлга олиш – энг кенг тарқалган тактика ҳисобланарди. 20-асрда ҳам блокада борасида инсоният хотирасида қолиб кетган ёрқин мисоллар сероб.

Иккинчи жаҳон уруши даврида, Гитлер Германияси собиқ СССРга бостириб киргач, собиқ иттифоқдаги иккинчи йирик шаҳар ҳисобланмиш Ленинградни (бу шаҳар ҳозир Санкт-Петербург деб аталади) 1941 йилнинг сентябридан то 1944 йилнинг январига қадар, жами 872 кун қамал қилади. Бундан мақсад – Ленинград аҳолисини ҳолдан тойдириш, очдан ўлдириш орқали таслим қилиш, натижада СССРга руҳий зарба бериш ният қилинган эди.

Ленинградликлар жуда қаттиқ қийналишади, очлик шу даражага етадики, каннибализм – ўликлар гўштини ейиш ҳолатлари кўп кузатилади. Бироқ, Ленинград аҳолиси таслим бўлмайди. Ҳитлернинг Ленинградни блокада қилиш сиёсати у истаган натижани бермайди. Алалоқибат, фюрер бу босқинчилик урушида енгилади.

Яна бир мисол – Куба блокадаси. Совуқ уруш авжида. Собиқ СССР ва у бошчилигидаги социалистик лагер бир томондан, АҚШ ва у бошчилигидаги капиталистик дунё бошқа томондан бутун сайёрамиз бўйлаб тизимли тирашмоқда. Бу совуқ урушнинг энг юқори чўққиси – Кариб инқирози. 1962 йилда СССР Кубада стратегик қуролларни жойлаштириши АҚШни қўрқитиб юборади, ва бунга жавобан, АҚШ Кубани блокада қилади. Ўшанда Қўшма Штатлар 238 дан ортиқ кема, жумладан, 8 та авиаташувчи йирик кемалар билан Куба оролини қамал қилиб, фақат озиқ-овқат маҳсулотлари киритилишига рухсат беради.

Бу блокададан мақсад – СССРнинг стратегик қуролларини Кубага киритмаслик эди. Икки томон ядровий тўқнашувга жуда яқин қолган ўша лаҳзаларда, инсониятнинг йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли ошиб борарди. Томонлар бундай сценарийдан қўрқиб, эскалацияни пасайтиришга келишиб олишади, ва кўп ўтмай Куба блокадаси якунланади.

Бугун дунё Ҳўрмуз блокадасидан хавотирда. Бугун Ҳўрмуз бўғози икки карра блокада остида қолди. 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми натижасида, Эрон Ҳўрмуз бўғозини блоклади: бу орқали АҚШ ва дунё иқтисодиётига босим кўрсатди.

Ҳозир АҚШ бу урушда учинчи босқичга ўтиб бормоқда. Биринчи босқичда – бошсизлантириш ва шу орқали Эрон сиёсий тизимини йиқитиш режа қилинган эди, лекин ўхшамади. Кейин, иккинчи босқичга ўтилди: бунда Эронни ҳолсизлантирувчи узоқ муддатли бомбалаш, натижада давлат институтларини издан чиқариш кўзда тутилди. Бу ҳам ўхшамади.

Бу орада Эрон Ҳўрмуз бўғозини блокада қилиши АҚШга ва дунё иқтисодиётига катта таъсир кўрсатди. Натижада президент Трамп Эрон билан келишув излашга тушди.