АҚШ президенти Доналд Трамп муддати тугаётган АҚШ-Эрон сулҳини узайтириш ниятида эмаслигини маълум қилди ва Эронга ҳаво ҳужумларини қайта бошлашга рухсат берди. Бу ҳақда у CNBC эфирида маълум қилди, деб хабар берди Reuters.
«Мен буни қилишни хоҳламайман. Бизда кўп вақт йўқ», деди Трамп сулҳнинг эҳтимолий узайтирилиши ҳақидаги саволга жавобан.
«Мен бомбардимон бўлишини кутяпман, чунки ҳозир [томонларнинг] кайфияти шундай деб ўйлайман. Лекин биз тайёрмиз. Армия жангга интилмоқда», деб қўшимча қилди у.
Трамп, шунингдек, Эрон сулҳ шартларини бузганини таъкидлади, аммо бу қандай қоидабузарликлар эканини аниқлаштирмади. Шу билан бирга, у денгиз блокадасини муваффақиятли деб атади ва АҚШ «ажойиб келишув» тузиш учун кучли позицияда эканига ишонч билдирди. Президент ўзининг асосий талаби ўзгаришсиз қолаётганини айтди – Эрон ядро қуроли яратиш имкониятига эга бўлмаслиги керак.
Эрон ҳукумати расмий вакили Фотима Муҳожироний бунга жавобан шундай деди:
«Бизга яна ҳужум қилишларини истамаймиз, лекин агар бундай ҳужумлар содир бўлса, биз аввалгидан ҳам қаттиқроқ жавоб берамиз».
Трамп томонидан 7 апрель куни эълон қилинган икки ҳафталик сулҳ муддати 22 апрель куни кечқурун тугайди. Музокараларнинг иккинчи босқичи Покистон воситачилигида Исломободда ўтказилиши режалаштирилган эди, бироқ бу шубҳа остида қолмоқда.


















