Space.com хабарига кўра, жадвалларни NASA’нинг инсон иштирокидаги қўниш тизимлари — Human Landing System дастури раҳбари вазифасини бажарувчи Стив Крич тақдим этган.

2028 йил бошигача орбитада ёнилғи қуйиш, кемаларни туташтириш ва Ойга экипажсиз қўниш каби муҳим синовлар режалаштирилган. Уларнинг натижаси астронавтларни Ой юзасига етказадиган аппаратни танлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

«Артемида III» миссиясини 2027 йилнинг учинчи чорагида учириш кўзда тутилган. Тўрт астронавт Orion кемасида Ернинг паст орбитасига чиқиб, SpaceX ва Blue Origin аппаратларининг синов нусхалари билан туташиш амалиётларини ўтказади.

Бу миссияда Ойга қўниш режалаштирилмаган. Унинг вазифаси — кемалар тизимларининг ўзаро мослигини текшириш. Натижалар асосида NASA 2028 йил бошига мўлжалланган «Артемида IV» миссиясида қайси аппаратдан фойдаланишни белгилаши керак.

SpaceX «Артемида III» учун мавжуд Starship V3 юқори босқичларидан бирини ўзгартиришни режалаштирмоқда. Унга туташиш узели ва бурун қисмининг ҳимоя қопламаси ўрнатилади. NASA ҳужжатларига кўра, бу элементларнинг механик мослиги бўйича текширувлар якунланган.

2027 йилнинг биринчи чорагида Orion билан ҳамкорликда ишлаш учун зарур тизимларни интеграция қилиш ва астронавтларга кабина тренажёрини тақдим этиш кўзда тутилган. Иккинчи чоракда парвоз синовлари, қўниш таянчларини текшириш ва экипаж кабинаси шлюзини синаш ишлари давом эттирилади.

Бироқ «Артемида III»да қатнашадиган Starship синов нусхасида астронавтлар учун кабина бўлмайди. У Orion билан туташишни намойиш этишга мўлжалланган.

SpaceX олдидаги энг мураккаб вазифалардан яна бири — орбитада кемалар ўртасида ёнилғи ўтказиш. Starship Ойга йўл олиши учун Ер орбитасида қўшимча ёнилғи олиши керак.

Бунинг учун махсус танкер кемаларни ўнтагача марта учириш талаб қилиниши мумкин. Улар ёнилғини орбитадаги сақлаш аппаратига етказади, Ойга борадиган кема эса шу ерда ёнилғи захирасини тўлдиради. Компания жуда паст ҳароратдаги ёнилғини космосда ишончли сақлаш ва бир аппаратдан бошқасига ўтказишни исботлаши лозим.

«Артемида III»нинг Ер орбитасидаги синовлари учун бундай ёнилғи қуйиш талаб этилмайди. SpaceX Ойга мўлжалланган экипажсиз Starship’ни 2027 йил учинчи чораги охири ёки тўртинчи чораги бошида учириб, йил якунигача Ойга қўндиришни режалаштирмоқда.