НАТО парчаланиб кетган тақдирда, Исроил таъсири остида АҚШнинг Туркия билан иттифоқчилиги барҳам топади. Европа Иттифоқи эса ўз мудофаа алянсини тузади ва унга Туркияни қўшмайди, боз устига бу алянсда Кипрнинг ҳам бўлиши – Туркия-ЕИ низосига ҳарбий тус беради. Исроил Туркиянинг рақиблари бўлмиш Греция ва Кипр билан иттифоқ тузган ва энди Ҳиндистон билан ҳам ҳарбий яқинликни кучайтиряпти.
Шу ҳафта Туркиянинг Анталя шаҳрида йирик халқаро форум бўлиб ўтди. Унда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Исроил, Греция ва Кипр ўртасида шаклланаётган иттифоқни “минтақадаги мусулмон давлатлари учун жиддий таҳдид” деб атади. Жумладан, Фидан ушбу иттифоқни Туркиянинг ўзи учун таҳдид эканини урғулади.
Исроил, минтақадаги баъзи араб давлатлари, Африка давлатлари ҳамда Ҳиндистон, Греция ва Кипр иштирокидаги минтақавий блок шаклланишига изоҳ бераркан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу: “Мақсадимиз – реал вазият, умумий таҳдидлар ва радикал оқимларга қарши курашиш бўйича муштарак бўлган давлатлар ўқини шакллантиришдир. Радикал шиа ўқи билан курашишдир. Шунингдек, энди шаклланаётган радикал сунний ўқига қарши ҳам бирлашишдир”, деган эди.
Нетаняҳу “энди шаклланаётган радикал сунний ўқи” деганда аввало Туркия ва унга яқин давлатларни назарда тутганди.
Исроил собиқ бош вазири Нафтали Беннет ҳам “Эрондан кейинги рақибимиз Туркия бўлади” деган мазмундаги баёнотлари жиддий шов-шувларга сабаб бўлганди. Исроилдаги ҳукуматга яқин ОАВлар, таҳлил марказлари ва сиёсатчилар Туркияни навбатдаги нишон сифатида кўришларини очиқ гапиришмоқда.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Исроилнинг Греция, Кипр, Ҳиндистон ва Бирлашган Араб Амирликлари билан стратегик ҳамкорлиги жиддий ўсди. Греция ташқи сиёсати марказида Туркия туради, яъни Туркия билан тирашув. Жанубий Кипр ҳам Туркияни ўзи учун энг асосий душман сифатида кўради. Ҳиндистон билан Исроил ўртасидаги ҳарбий-стратегик ҳамкорлик фақат ўсиб бормоқда.
Бу фонда Туркия Покистон билан жиддий яқинлашди ҳамда Покистон–Саудия мудофаа пактига қўшилди. Бу билан Ҳиндистоннинг Туркияга ишончсизлиги фақат ошди.
Кейинги вақтларда Трамп НАТОдан жиддий норози. Айниқса, АҚШ–Эрон уруши фонида, у эриша олмаган мақсадларининг ўчини жумладан НАТОдан ҳам оляпти. “Менга энг керакли пайтда, НАТО ёрдамга келмади” дея, АҚШни НАТОдан чиқиб кетиш ғоясини тез-тез кўтармоқда.
Туркия – НАТО аъзоси. Лекин НАТО давлатлари ичида энг “бошқачароғи” ҳам айнан Туркия. Туркия – НАТО ичидаги ягона мусулмон давлати. Эрдўған ҳокимиятга келгач, Туркия геосиёсий масалаларда ҳар доим ўзининг “бошқача фикрига” эга бўлиб бошлади. Бу Вашингтоннинг, Брюсселнинг асабига тегади. 2014-16 йилларда Ғарб давлатлари “Туркия – НАТОга лойиқ эмас” деган сиёсий кампания олиб боришди. Бироқ, НАТО низомининг 13-моддасига кўра, бу ташкилотдан чиқиш фақат ўша аъзо давлатнинг истаги ва розилиги билангина бўлиши мумкин. Яъни Туркия агар ўзи истамаса, уни НАТОдан чиқариб бўлмайди.















