Украина қуролли кучлари 29 апрелга ўтар кечаси Перм ўлкасига ҳужум қилди. Регион губернатори Дмитрий Махониннинг сўзларига кўра, шаҳар чеккасидаги Перм муниципал округида жойлашган саноат ҳудуду зарба остида қолган. Корхона ҳудудида ёнғин чиққан, ишчилар эвакуация қилинган, яраланганлар йўқ, дея маълум қилган ўлка раҳбари.

Украинадаги Exilenova+ телеграм-канали ҳамда Россиянинг Astra нашри маълумотига кўра, «Транснефт» компаниясига тегишли бўлган объект ҳужумга учраган. Маълум бўлишича, бу Башкултаево қишлоғи яқинидаги «Перм» ишлаб чиқариш-диспетчерлик станцияси бўлиб, ундан магистрал қувурлар орқали нефтни қабул қилиш, сақлаш ва узатиш учун фойдаланилади. Бу Перм – Алметевск нефт қувурининг бир қисми бўлиб, станция «Транснефт — Прикаме» компаниясига тегишли ҳисобланади, дея ёзади «Агентство». Айнан мазкур станция зарбага учрагани расман тасдиқланмаган. Шу билан бирга, FIRMS сунъий йўлдош мониторинги лойиҳаси маълумотлари бу жойда ёнғин содир чиққанини кўрсатади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, дронлардан бири яқин атрофдаги Мокино қишлоғига қулаган.

Ёнғин туфайли Перм осмонини қуюқ қора тутун қоплади.

Гувоҳларнинг айтишича, шаҳарга «нефт ёмғири» ҳам тушган, натижада автомобиллар, бинолар деразалари, киймлар ва одамларнинг терисида қора доғлар пайдо бўлган. «Перм 36,6» телеграм-канали ёзишича, мазкур ҳолатга қарамай, Пермдаги мактаблар ва болалар боғчалари одатий режимда ишлашда давом этган.

Украина дронлари 29 апрелга ўтар кечаси Оренбург областига ҳам ҳужум қилган. Регион губернатори Евгений Солнцев расмий хабарида фақат бир неча саноат корхоналари зарбага учрагани, жабрланганлар йўқлигини айтган.

Astra нашри аниқлашича, Орскдаги «Орскнефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилинган. FIRMS маълумотига кўра, завод ҳудудида ёнғин йўқ, аммо Орск яқинидаги Новотроицкда (бу ерда «Уралская стал» компанияси ишлаб чиқариш корхонаси жойлашган) йирик аланга кузатилган. Бу ёнғин дронлар ҳужуми билан боғлиқлиги аниқ эмас.

Маҳаллий полиция Қозоғистон ғарбидаги Ақтўбе областида (Оренбург области билан чегарадош) қулаган дрон парчаларини аниқлаган. Ушбу парчалар аҳоли яшаш манзилидан ташқарига қулаган.