БАА ва Покистон ўртасидаги бугунги кескинлик тасодифий ҳолат эмас. Сўнгги йилларда Эрон, Саудия Арабистони ва Исроил атрофидаги геосиёсий жараёнлар Абу-Даби ва Исломободнинг қарашлари ўртасидаги фарқни янада чуқурлаштирди. Қалин иқтисодий алоқаларга эга икки мусулмон ўлкаси бугун геосиёсий масалаларда икки томонда туриб қолди.

Мавзуга Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Шавкат Икромов ва Камолиддин Раббимов изоҳ берди.

— Бирлашган Араб Амирликлари АҚШ–Эрон урушида Покистоннинг воситачилигидан нега норози?

Шавкат Икромов: Бугунги кескин геосиёсий вазият фонида эски зиддиятлар ҳам яна юзага чиқмоқда. Муаммонинг илдизи 2025 йилда Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида имзоланган мудофаа шартномасига бориб тақалади. Ушбу келишувга кўра, томонлардан бирига таҳдид юзага келганда, улар биргаликда ҳаракат қилиши керак эди. Бу эса минтақадаги кучлар мувозанатига бевосита таъсир кўрсатадиган жиддий ҳарбий ҳамкорлик сифатида баҳоланди.

Саудия Арабистони ва БАА ташқи томондан яқин ҳамкор бўлиб кўринса-да, Яманда ва айрим Африка ҳудудларида манфаатлар тўқнашуви сабаб рақобат олиб бораётган эди. Шу боис Покистоннинг Саудия билан яқинлашуви Абу-Дабида салбий қабул қилинди. Шундан сўнг БАА Покистонга нисбатан босим воситаларини аста-секин кучайтира бошлади.

Хусусан, Покистон иқтисодиёти учун муҳим бўлган кредитлар ва инвестицияларнинг катта қисми айнан БАА томонидан ажратилган эди. Турли манбаларда қарз миқдори 2,5–3,5 миллиард доллар атрофида экани айтилади. Ҳозир Абу-Даби ушбу маблағларни қайтариш масаласини фаол кўтармоқда. Бу пайтда Покистон иқтисодиёти оғир даврни бошдан кечирмоқда. Халқаро иқтисодий кўрсаткичларга кўра, мамлакат молиявий босим остида қолмоқда ва қарзларни тезда қайтариш имконияти чекланган. Покистон парламентидаги айрим баёнотлар эса БААдаги норозиликни янада кучайтирди.

БАА кейинги йилларда минтақадаги хавфсизлик сиёсатини ҳам қайта шакллантирди. Покистон–Саудия яқинлашувига жавобан Абу-Даби Ҳиндистон билан алоқаларни мустаҳкамлади, Исроил билан ҳам ҳарбий ва технологик ҳамкорликни кенгайтирди. Ҳатто Эрон билан кескинлик кучайган паллада Исроилнинг “Темир гумбаз” тизими ва мутахассислари ҳам БААга юборилган. Бундан ташқари, Амирликлар Жанубий Корея, Бразилия ва бошқа давлатлардан ҳам замонавий мудофаа тизимларини харид қилган.

Ҳозирги норозиликнинг энг юқори нуқтаси эса Покистоннинг Эрон билан боғлиқ воситачилик жараёнларида кузатилди. Исломободдаги музокараларга Саудия Арабистони ва Қатар вакиллари жалб этилган бўлса-да, БАА вакилларининг четда қолиши Абу-Дабида салбий таассурот уйғотди. Амирликлар ўз манфаатлари ва позицияси ҳисобга олинмаганини таъкидламоқда.