Хатирчи туманининг Янгирабод маҳалласида пайдо бўлган номаълум йиртқич ҳайвон аҳолининг мол-қўйига ҳужум қиляпти. Сўнгги уч кун ичида махлуқ томонидан бир бузоқ ва 23 бош қўй бўғизлаб кетилган. Навоий вилояти Экология бошқармаси ушбу ҳайвон чиябўри эканлигини билдирди. Ҳудуд аҳолиси эса чиябўри бирданига бунчалик кўп қўйга зарар етказа олмаслигини айтмоқда.

Янгирабод маҳалласи Хатирчи туманининг маркази ҳисобланади. Шундай бўлишига қарамай, ҳудудда пайдо бўлган номаълум ҳайвон аҳолини хавотирга солиб қўйди. Сабаби, йиртқич махлуқ фуқароларнинг чорвасига икки бор ҳужум қилди. Одамлар унинг нима эканлигини билишолмаяпти. Кимлардир бўри деса, кимлардир бу итнинг иши бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Аммо ҳозиргача бирор кимса уни ўз кўзи билан кўрмаган.

Бу ҳудудда бўри бўлиши ҳақиқатдан анча йироқ. Оддий дайди итлар ҳам бирданига кўп қўйга зарар етказиши ишонарсиз ҳолат.

Номаълум йиртқичнинг илк ҳужуми 8 июл куни кузатилган. Қишлоқда яшовчи фуқаро Болиқул Жалилов ўзига тегишли ер участкасида молларини қолдирган. Эрта тонгда улардан хабар олгани борган хонадон эгалари бузоқлардан бири бўйнидан бўғизлаб кетилганлигини кўрган.

Бир ёшга етай деган бузоғимизни нимадир талаб, бўғизлаб кетибди. Катта молларимиз ипини узиб қочган, лекин бу бузоқча ипини узолмаган. Атрофида учга яқин ит айланиб юрган экан. Катта-катта дайди итлар ҳам кўп. Энди буни итлар қилдими ёки бошқа ҳайвон қилдими, билмаймиз. Мол боқишнинг ўзи бўлмаса, бошқа молларимизга ҳам зарар етказишидан хавотирдамиз”, — дейди хонадон бекаси Малоҳат Жалилова.

Орадан икки кун ўтиб, 9 июлдан 10 июлга ўтар кечаси номаълум ҳайвон яна қишлоқ оралаган. Бу сафар у қўрага қамалган 72 бош қўйдан 23 бошини бўғизлаб, 10 бошдан ортиғини эса ярадор қилиб кетган.

Қўра аҳоли хонадонларига жуда яқин бўлиб, ўртадан йўл ўтган холос. 4-5 нафар фуқаро ўз қўйларини қўшган ҳолда навбати билан боқади ва кечқурун шу қўрага қамайди. Махлуқ бу ерга қандай киргани номаълум. Чунки қўра девор билан ўралган.