18 май куни Лондон фонд биржасида (LSE) Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акцияларининг илк оммавий жойлаштирилиши бўлиб ўтди. Давлат идораларида ишлаган раҳбарларнинг ўзи назорат қилган ташкилотларга ишга ўтишига нисбатан чеклов жорий этилиши мумкин. Бухорода безори ёшлар, Фарғонада талончилар тўдаси ушланди. Учта давлат ташкилотининг 23 млрд сўмлик давлат харидларида қоидабузарликлар аниқланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон акциялари Лондон фонд биржасига жойлаштирилди

18 май куни дунёнинг энг йирик ва қадимий биржаларидан бири - Лондон фонд биржасида (LSE) Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акцияларининг илк оммавий жойлаштирилишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда Ўзбекистон президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Обид Ҳакимов иштирок этди. Аввалроқ Миллий инвестиция жамғармасининг 31 фоиз улуши 603,6 млн долларга сотилгани хабар қилинганди.

UzNIF портфелига қуйидаги компаниялар киради: «Ҳудудий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбектелеком», «Uzbekistan Airways», «Темирйўлинфратузилма», «Ҳудудгазтаъминот», «Тошшаҳартрансхизмат», «Ўзбекистон МЭТ» АЖ, «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси», «Ўзбекинвест», «Ўзсувтаъминот» ва «Ўзсаноатқурилишбанк».

Икки йиллик чеклов: собиқ амалдорлар учун янги тартиб таклиф этилди

Давлат идораларида ишлаган айрим раҳбар ва масъул ходимларнинг ўзи назорат қилган ташкилотларга ишга ўтишига нисбатан янги чекловлар жорий этилиши мумкин. Бу бўйича тегишли низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, давлат органи ёки бошқа ташкилотда меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходим сўнгги икки йил давомида ўзи бевосита ёки билвосита назорат қилган ташкилотга ишга қабул қилиниши учун коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосаси талаб этилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур тартибнинг асосий мақсади манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хизмат ваколатларидан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш хавфини камайтириш ҳамда «айланма эшик» ҳолатларига йўл қўймасликдан иборат.