Бугун глобал ахборот майдонида кун тартибини урушлар белгилаб беряпти. Энг йирик икки уруш – дунё ҳамжамияти диққат марказида.
2022 йил февралида Россия Федерацияси Украинага бостириб кирди. Бир қанча Ғарб давлатлари разведка хизматларининг огоҳлантиришига қарамасдан, Россиянинг Украинага бостириб киришига ҳатто президент Зеленский ҳам ишонмаган эди. Мана, орадан тўрт йилдан ошиб, бешинчи йил кетмоқдаки, Россия Украинани босиб ололмади. Аксинча, РФнинг ўзи ўзини мудофаа қилаётган давлатга айланди: Украина бу урушни Россия ҳудудига, унинг нефт ва стратегик ҳарбий объектлари соҳасига ҳам олиб киришга муваффақ бўлди.
2026 йилнинг февралида АҚШ ва Исроил биргаликда кутилмаганда Эронга қақшатқич ҳужумлар қилди, Эрон олий раҳбариятини ҳамда кўплаб сиёсатчилар ва ҳарбий қумондонларни ўлдирди. Трамп ва Нетаняҳу умид қилган эдики, Эрон олий раҳбариятининг ўлдирилиши Эронда сиёсий ўзгаришларни бошлаб беради. Бироқ бундай бўлиб чиқмади. Эрон сиёсий тизими йиқилмади, аксинча, ўз легитимлигини мустаҳкамлагани маълум бўлди.
Россия Украинага ўзининг империячилик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида бостириб кирди. Худди шундай, АҚШ ҳам Эронга ўзининг гегемонлигини кўрсатиб қўйиш учун, Яқин Шарқда америкача тартиботни кучайтириш мақсадида уруш бошлади. Яъни бу иккала урушнинг ҳам замирида – империячилик кайфияти, империячилик лойиҳалари туради.
Иккала уруш ҳам халқаро ҳуқуққа кўра, РФ ва АҚШ ички қонунларига кўра, ноқонуний, нолегитим уруш ҳисобланади. Чунки на Россия Федерацияси, ва на АҚШ Украина ёки Эронга уруш қилиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг розилигини олишга мутлақ ҳаракат ҳам қилмади, ўз миллий парламентларидан розилик олмади. Иккала уруш ҳам кутилмаганда, бутун дунёни алдаган ҳолда, “биз ҳеч қандай уруш қилиш ниятида эмасмиз” деган манипуляция ва ёлғонлар фонида бошланди.
Иккала урушда ҳам босқинчи томон, яъни Россия Федерацияси ва АҚШ Украина ва Эронда қисқа муддатли ва ўта муваффақиятли ҳарбий операция ўтказиш ниятида эди. Путин Украинани 3–5 кунда эгаллаб олишни кўзлаганди. Трамп ҳам Эронда қисқа вақт ичида режимни ўзгартириш режасида эди.
Путин ва Трампни бирлаштирадиган яна бир омил – уларнинг иккиси ҳам катта урушни бошлашдан олдин кичик муваффақиятли ҳарбий амалиётдан руҳланган эди.
Владимир Путин учун бу – 2014 йилги Қрим операцияси. Маълумки, 2014 йилда РФ Қрим яриморолини икки кун ичида махсус операция орқали Украинадан тортиб олишга эришганди. Бу, табийки, “Украина – ўта заиф давлат” деган тасаввурларни кучайтиради.















