DW хабарига кўра, Маск 14 октябр куни Starshield тизимлари АҚШ ҳукуматига тегишли ва унинг назорати остида эканини билдирган.

У Starlink эса SpaceX’нинг тижорат хизмати эканини таъкидлаган. Маскнинг айтишича, ундан фуқаролик ёки мудофаа вазифаларида фойдаланиш мумкин, аммо ҳужумкор ҳарбий операцияларда эмас.

Маскнинг баёноти Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Федоровнинг дронлар ва Starlink тармоғи ўртасидаги алоқа босқичма-босқич тикланаётгани ҳақидаги изоҳига жавоб бўлган.

Бундан аввал Украина ҳарбийлари ва расмийлари SpaceX фронтда ишлатилаётган Starlink терминаллари фаолиятини огоҳлантирмасдан чеклаганини билдирган эди.

Федоровнинг собиқ маслаҳатчиси Сергей Стерненконинг айтишича, 14 октябрга ўтар кечаси дрон тезлиги соатига 60–70 километрга етганда Starlink интернети ишлашдан тўхтаган. Аввал бу чегара соатига 160 километр бўлган. Унинг маълумотига кўра, чекловлар биринчи навбатда Starshield’га тааллуқли бўлган.

Украина президенти Володимир Зеленский Россия дронларини, жумладан, реактив дронларни уриб туширувчи тутувчи дронларнинг муваффақиятли ишлаши кўп жиҳатдан Starlink алоқасига боғлиқлигини таъкидлаган.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён SpaceX сунъий йўлдош интернети Украина армиясининг фронтдаги асосий алоқа воситаларидан бирига айланган. У дронларни бошқаришда ҳам қўлланади.

Starshield фаолиятидаги чекловлар Киев ва АҚШ маъмурияти муносабатларидаги таранглик фонида кузатилган. Аввалроқ Доналд Трамп Украина Оқ уйнинг сўровларига қарамай, Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришда давом этаётганини танқид қилган. У Украинада янги президентлик сайловлари ўтказишга ҳам чақирган.