Андижонда ички ишлар ходими вояга етмаган шахснинг номусига теккани ҳақидаги хабарларга вилоят прокуратураси изоҳ берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 3 июн куни Қўрғонтепа туманида яшовчи 2010 йилда туғилган вояга етмаган У.Я. ўз уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмаган.

Туман прокуратураси ўтказган терговга қадар текширувда аниқланишича, Андижон вилоят ИИБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази инспектори – ижтимоий ходими лавозимида ишлаган С.Б. вояга етмаган У.М.ни Андижон шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйга олиб бориб, у билан жинсий алоқа қилган.

Ҳолат юзасидан 4 июн куни С.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, суд ажрими билан гумонланувчига “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган.

  • 128-модданинг бу банди – 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқада бўлиш жинояти жабрланувчига ғамхўрлик қилиш мажбурияти юклатилган шахс томонидан содир этилишини назарда тутади. Бундай қилмиш 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳозирда Қўрғонтепа туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг ёзишича, мазкур ишда гумонланаётган 41 ёшли майор 2004 йилги Олимпиаданинг бокс бўйича бронза медали соҳиби ҳисобланади.