Мурожаатчилардан бири – хатирчилик Отабек Шарипов. У ногирон бўлишига қарамай, бор будини фириб тизимининг бир ҳалқаси бўлмиш ўртакашга ишониб топширган. Унга: “Ўғлингиз бир ой ичида Кореяга кетади”, дейишган. Орадан йиллар ўтиб, ўртакаш ҳибсга олинган.

Бир муддат олдин Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупцион схемани фош этгани ҳақида хабар бергандик.

- Ўзингизни таништиринг.

- Мен Шарипов Отабек, Навоий вилояти Хатирчи туманида яшайман. Ногиронман. Бир ўғлим, икки қизим бор. Корея давлатига деб жетон деган нарса тарқатилди. Ўғлим Тошкентда ишларди.

- Қачон бўлди бу?

- 2024 йилда. Кейин ўғлим ҳам шу жетонни олди. 24 доллар тўланар экан. Жетонни олгандан кейин йўл-йўриқни кўрсатадиган одам борми деб суриштирдик. Ўзимизнинг маҳаллада яшовчи Норхонов Бахтиёрни тавсия қилишди одамлар.

- Одамлар? Кимлар улар, танишларми?

- Ҳа, танишларим тавсия қилди. Гаплашдик. Тошкентга келинг деди. Норхонов Бахтиёрнинг ўзи Тошкентда яшаркан. Учрашдик. Ака, харажатларини қилсангиз, йўл-йўриқларини ўргатаман деди. 10 мингдан 15 минггача харажати бор деди. Мен уйимнинг бир қисмини сотган эдим. Ётган пулимдан кечдим-да, битта-ю-битта ўғлим Корея давлатига бориб ишласа, биз ҳам яхши кун кўриб кетамиз деган мақсадда, ўша пулни долларга алмаштириб, бердим. “Уч ойгача насиб бўлса ўғлингиз Корея давлатига кириб боради”, деди. Биринчи имтиҳонда ўғлимнинг ўрнига бир тайинланган болани киргизибди экан. Кириб, 86 балл олиб чиқибди. Ўғлимга “иккинчисига ўзинг кирасан”, деди. Пулни бердик. “Загранпаспорт”ни олдик.

Кейин ўғлим бир ҳафта давомида корейс тилини ўрганиш учун қатнади, 700 доллар бердик. Тилни ўргатадиган “Чосон” деган жойга борди. “Чосон” миграция ташкилоти қошида экан. Ана шу Бахтиёр бизларга маслаҳат берди.

- Ҳафтасига 700 доллар олишдими сиздан?

- Ҳа.

- Қанақадир квитанция бердими?