Йиғилишда қайд қилинишича, 8 минг 604 та аҳоли пунктидан 2 минг 506 таси ёки 29 фоизи бош режа билан қамраб олинган. 2026 йилда яна 154 та, 2027 йилда эса 144 та аҳоли пункти учун бош режа ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Мавжуд бош режаларнинг 1 минг 44 таси электрон шаклга ўтказилган.

Шу билан бирга, алоҳида ҳудудларни ривожлантириш бўйича 2024-2025 йилларда 275 та мастер-режа ишлаб чиқилган бўлса-да, уларнинг ягона ҳисоби юритилмаган, бош режалар билан ўзаро боғланмаган. Бу эса ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инфратузилма, транспорт, муҳандислик тармоқлари ва ижтимоий объектларни уйғун режалаштиришда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Шу муносабат билан бош режа ва мастер-режа билан ишлашнинг янги тизими таклиф этилди. Унга кўра, биринчи босқичда бош режа бўйича маълумотлар тўлиқ жамланади ва актуаллаштирилади, иккинчи босқичда рақамлаштириш амалга оширилади, учинчи босқичда мониторинг тизими йўлга қўйилади, тўртинчи босқичда эса комплекс ахборот-таҳлил тизими шакллантирилади.

Бу жараёнда шаҳарсозлик ҳужжатларининг ягона электрон реестри юритилади. Рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар юридик кучга эга бўлмаслиги белгиланади. Урбанизация марказига шаҳарсозлик геоахборот тизимини юритиш, комплекс қурилиш жараёнларида топогеодезия ишларини мувофиқлаштириш ва ҳудудий архитектура-режалаштириш кенгашларининг фаолиятини услубий таъминлаш каби қўшимча вазифалар юкланади.

Таъкидланишича, урбанистика, геодезия, кадастр, лойиҳалаш, агломерацияларни бошқариш ва геоахборот тизимлари билан ишлай оладиган ўрта ва олий бўғин мутахассисларига эҳтиёж ортиб бормоқда.

Шу мақсадда Тошкент геодезия ва картография техникумини Урбанистика, геодезия ва кадастр техникуми сифатида қайта ташкил этиш таклиф қилинди. Унда ўрта бўғин учун ўлчовчи мутахассислар, кадастр ва геодезия, компьютер графикаси дизайн операторлари ҳамда компьютер кадастр дастурлари йўналишларида кадрлар тайёрланади.

Олий таълим тизимида Тошкент архитектура-қурилиш университетида “Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш” факультетини очиш режалаштирилган.

Барча ҳудудларда урбанистика, лойиҳалаштириш ва архитектура йўналишларини бир жойда жамлайдиган креатив парклар ташкил этиш ҳам таклиф қилинди. Уларда лабораториялар, конструкторлик устахоналари, дастурий таъминот, лойиҳалаш хизматлари, онбординг, нетворкинг ва коворкинг майдонлари ташкил этилади. Креатив парк резидентларига жисмоний шахслар даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.