Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқин Шарқда кескинлик кучаймоқда: АҚШ ва Эрон ўртасида янги ҳужумлар
АҚШ Қуролли кучлари Эрон ҳудудидаги нишонларга қарши янги зарбалар берганини маълум қилди. Теҳрон эса жавоб тариқасида Америка ҳарбий объектларига ҳужум қилганини билдириб, Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ ёпганини эълон қилди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, ҳарбий операция 10 июнь куни кечқурун бошланган. Вашингтон бу ҳаракатларни Эроннинг давом этаётган агрессив сиёсатига жавоб сифатида изоҳламоқда.
Оқ уй раҳбари Доналд Трамп аввалроқ Эронга қарши янги зарбалар бўлиши мумкинлигини билдирган эди. АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳам Теҳронни янги ҳарбий ҳаракатлардан огоҳлантириб, амалга оширилаётган операциялар урушни кенгайтириш эмас, балки келишувга эришиш учун босим ўтказиш мақсадида эканини таъкидлаган.
ОАВ маълумотларига кўра, АҚШ зарбалари Эроннинг жанубий ҳудудларига қаратилган. Хусусан, Миноб ва Сирик шаҳарлари атрофида портлашлар қайд этилган. Шунингдек, Бандар-Аббос шаҳридаги аэропорт ва ҳарбий база яқинида ҳам кучли портлаш овозлари эшитилгани хабар қилинмоқда.
Бунга жавобан Эрон АҚШнинг Форс кўрфази мамлакатлари ва Иорданияда жойлашган ҳарбий базаларига ракета ҳужумлари уюштиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Кувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари юқори шайлик ҳолатига келтирилган, Баҳрайнда эса ҳаво хавфи сиреналари янграган.
Шу билан бирга, Эрон ҳарбий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғозининг тўлиқ ёпилганини эълон қилди. Расмий баёнотда айтилишича, бўғоз орқали ҳаракатланишга уринган ҳар қандай кема нишонга олиниши мумкин.
Бироқ АҚШ Марказий қўмондонлиги бу маълумотни рад этди. CENTCOM баёнотига кўра, тижорат кемалари Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланишда давом этмоқда ва денгиз йўли тўлиқ ёпилмаган.
Томонлар баёнотларидаги зиддиятли маълумотлар сабабли минтақадаги вазият бўйича мустақил тасдиқланган ахборотлар кутилмоқда.
Мавзуга оид
10:06
АҚШ AI таҳдидлари сабаб киберхавфсизлик талабларини кучайтирди
21:50 / 10.06.2026
Эроннинг ядро бомбаси яратиш имконияти қандай?
20:05 / 10.06.2026
Кўринмас фронт: Исроил ва Эроннинг кибер уруши
09:59 / 10.06.2026