28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу уруш – Эроннинг диний раҳбарларини ағдаради ва уни АҚШ-Исроил иттифоқининг меъмори сифатида мамлакатдаги сайловлар олдидан мавқейини мустаҳкамлашини кутганди.

Бунинг ўрнига, Исроилнинг энг узоқ муддат хизмат қилган бош вазири – Трамп билан тўқнашув йўлига кириб қолди, деб ёзмоқда Reuters. Чунки АҚШ президенти урушдан чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Ҳар икки етакчининг ҳам мақсадлари амалга ошмади, Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётлари эса ботқоққа ботиб қолган.

Исроил расмийлари – танқидчиларга нисбатан ўта таъсирчан, энг муҳим иттифоқчисини АҚШни ғазаблантиришдан қўрқиб, омма олдида Эрон билан келишувга эҳтиёткорлик билан муносабат билдирмоқда. Бироқ ўзаро суҳбатларда норозилик аниқ сезилиб турибди.

Дастлабки келишув «Исроил учун даҳшатли. Исроил раҳбариятида, бош вазирдан тортиб бош штаб бошлиғигача, буни бошқача кўраётган бирор киши йўқ», дея исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган Исроил мулозимларидан бирининг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Расмий Вашингтонга кўра, улар ўт очишни тўхтатиш режими амалда бўладиган келгуси 60 кун ичида якуний шартларни музокара қилади. Аммо Исроил расмийлари бу келишув доирасидаги 60 кунлик музокаралар муддати узайтирилиши эҳтимоли борлигини айтган. Бу эса Исроилнинг хавотирлари ҳал этилмай қолган бир пайтда, унинг ҳарбий ҳаракатлар қилиш бўйича қўл-оёғини боғлаб қўяди.

Ливан ортидан келишмовчиликлар

Нетаняху ва Трамп келишувга қадар Исроилнинг Ливандаги Ҳизбуллоҳга қарши зарбалари сабабли ҳам бир неча бор тўқнаш келди. Чунки сулҳда барча нуқталарда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш Эроннинг асосий талабларидан бири эди.

Ойнинг бошида Трамп Нетаняҳуни «мияси айниган, ғирт ақлдан озган» деб таърифлаган. У АҚШ Эрон билан келишувга эришишга ҳаракат қилаётган бир пайтда, Нетаняҳуга Байрутга зарба бермасликни буюрган эди.

Нетаняху ўша куни ҳужумларни бекор қилди, бироқ бир ҳафта ўтгач, Байрутнинг жанубий чеккасига зарба берди. Бу эса Эроннинг Исроилга ракета зарбалари йўллашига ва Трамп ҳар икки томонни оммавий қоралашига сабаб бўлди.