Нидерландия қироли Виллем-Александр ва киролича Максима бир кун ичида иккита ўйинни стадиондан туриб томоша қилишди: аввалига Роналд Куман шогирдлари Швецияни қандай тор-мор этганига гувоҳ бўлишди (5:1), шунингдек, Кюрасаонинг Эквадор билан ўйинига киришга улгуришди (0:0). Ушбу монархнинг Дик Адвокат бошқарувидаги жамоага қизиқиши бежиз эмас.

Биринчи бекат – Нидерландия

ФИФА президенти Жанни Инфантино деярли ҳар бир ўйинда кўриниш бериши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Лекин Нидерландия қироли бир кечада орасида минг километрдан ортиқ масофа мавжуд бўлган икки стадионга ташриф буюришга улгуриб, барчани ҳайрон қолдирди.

Унинг дастлабки манзили Ҳюстон бўлди, бу ерда Куман шогирдлари Швецияни тор-мор этишди (5:1). Монарх ўйинни Халқаро футбол федерацияси раҳбари ёнида ўтириб кузатди.

«Мен бу ерда ФИФА меҳмониман. Агар Инфантино ўйинга тушган бўлса, унинг ёнида мен ҳам ўтираман. Балки унга Тинчлик мукофоти учун бир неча номзодларимни таклиф қилишга улгургандирман», – дея ҳазил қилди Виллем-Александр журналистлар билан мулоқотда Инфантино ва Трамп ўртасидаги муносабатларни назарда тутиб.

Жамоаси осон ғалабага эришган бўлса-да, қирол натижа учун қаттиқ қайғурганди.

«Ўйин вақти бир неча марта дефибриллятор қаерда турганига қараб қўйдим. Айрим паллаларда қаттиқ сиқилиб қолдим», – дея ҳазиллашишда давом этган монарх.

Ўйин якунланганидан кейин у кийим алмаштириш хонасига йўл олган ва жамоа аъзоларини табриклаган. Футболчилардан айримлари имкониятдан фойдаланиб, қирол билан суратга тушиб олишган: хусусан, жамоа сардори Виржийл ван Дейк ва дарвозабон Барт Вербрюгген у билан селфи олишган.

«У мен яхши турганим ва ўйин унга ёққанини айтди», – дея дарвозабондан иқтибос келтиради Voetbal.

Аммо Виллем-Александр жамоа билан кўп вақт қола олмасди: у тезда аэропортга йўл олди, чунки бир неча соат ўтиб Канзас-Ситида Кюрасао ва Эквадор ўртасидаги ўйин бошланиши керак эди.